ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ЧОРАК АСР БУРУН ТУТАШГАН МАНЗИЛ


19.08.2025

Ўзбекистоннинг энг янги тарихида ғоят салмоқли аҳамият касб этадиган, айтиш мумкинки, мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишда ўта муҳим ўрин тутган – Қамчиқ довони орқали ўтган йўл ва туннеллар ишга тушганига роппа-роса 25 йил тўлади.

2000 йилнинг август ойида Тошкент–Ўш автомобиль йўлининг мамлакатимиз тараққиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган энг муҳим участкаси – Қамчиқ ва Резак довонлари тагидан ўтган туннеллар очилиши муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтган, унда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов иштирок этиб, нутқ сўзлаган эди.

Маълумки, ўтган асрнинг 90-йилларида Тожикистонда авж олган фуқаролар уруши қўшни юрт орқали Фарғона водийси билан мамлакатимизнинг бошқа сарҳадларини боғлайдиган йўлларни буткул кесиб қўйганди. Ўша ҳудуддан ўтиш фуқаролар учун ҳам, юклар учун ҳам хатарли бўлиб қолди.

Мушкул вазиятдан чиқишнинг биргина имкони қолган, бу ҳам бўлса, Қамчиқ довони орқали ўтиш эди. Аммо довон денгиз сатҳидан 2268 метр баландликда бўлиб, 50-йилларда солинган тор, тик қоялар тагидан ўтган йўл ва мураккаб айланмалар орқали юришга тўғри келарди. Бунга ҳар қандай машина дош беролмас, ҳар қайси ҳайдовчи ҳам журъат қилолмасди. Жала ва кўчкилар асфалт қопламали йўлни ювиб кетар, унинг бутун масофаси бўйлаб оққан сой, айниқса, баҳор ойлари йўл четларини ўпириб юборарди. Қиш кунлари бўлса, бу йўл тақа-тақ ёпиб қўйиларди.

Ўша кезларда Биринчи Президент Қамчиқ довонидан туннел орқали ўтадиган замонавий йўлни лойиҳалаш ва барпо этиш вазифасини кун тартибига қўйди. 1996 йилда Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақда қарори чиқди. Шу тарзда тоғ бағри улкан қурилиш майдонига айланди.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган йўлсозлар туннеллар ва улар атрофидаги трассаларни барпо этиб, тоғу тошлар, қояларни суриб, икки томонлама йўлларни кенгайтиришга киришдилар. Фаслларнинг инжиқлиги, тош-тупроқ шароитининг мураккабликлари матонат билан енгиб ўтилди. Ниҳоят, ерости йўллари қуриб битказилди. Туннеллар ёнғинга қарши ашёлар, радиотелефонлар, теленазорат ускуналари билан жиҳозланди. Ҳаракатни тартибга солиш ишлари компьютерлаштирилди.

2000 йилнинг 29 августида Қамчиқ довонидаги қўш туннел тўлақонли хизматини бошлади. Бугунги кунда бу ердан ҳар куни ўртача 20 мингдан зиёд, ёз фаслида эса кунига 30 мингдан ортиқ транспорт воситаси ўтади. Бу – ҳар куни юз минглаб кишининг узоғи яқин қилиниб, ўн минглаб тонна юклар манзилига тез ва бехатар етиб бораяпти, дегани.

Юқорироқда ҳудудий яхлитлик ҳақида сўз юритдик. Собиқ Иттифоқ пайтида йўл инфратузилмаси (балки атайлаб) шу қадар чигаллаштириб ташланган эдики, Республиканинг ўзидаги бир ҳудуддан бошқасига бориш учун, албатта бошқа бир қўшни Республика ҳудудидан ўтишга мажбур бўлинган. Дейлик, Самарқанд ёки Бухорога йўл олсанг, албатта М-39 автомобиль йўли орқали Қозоғистон ҳудудидан, янаям олисроқ йўл олиб, Хоразмга бориш учун – Туркманистондан, Фарғона водийсига бормоқчи бўлсанг, Тожикистондан йўл босишга тўғри келган. Айниқса, водий билан аҳвол анча жиддий эди.

Шундай ачинарли ҳолат юзага келган эдики, халқимиз ўртасида “олтин водий” деб ном олган Фарғона водийси Қамчиқ довони туфайли Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан ажралиб қолган эди. Барча коммуникация тармоқлари, авваламбор, транспорт-логистика алоқаси қўшни давлат ҳудуди орқали амалга оширилар эди. Табиийки, бундай ноқулай ҳолат мамлакат аҳолисининг 10 миллиондан зиёди яшаётган Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларининг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият кўрсатиши бўйича жиддий муаммоларни юзага келтирган. Юқорида тилга олганимиз – автомобиль йўли, кейинроқ, 2016 йилда фойдаланишга топширилган Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли бу муаммоларни илдизи билан бартараф қилди.

Ислом Каримовнинг ўз фаолияти давомида қилган улуғ амаллари мўл. Бироқ улар орасидаги энг буюк, лоф эмас-ку, аммо асрларга татигулик ишларидан бири шаксиз, Андижондан Қорақалпоғистонгача, ҳеч кимнинг ҳудудини кесиб ўтмасдан, қўшнининг кайфияти ва ё қош-қовоғига қараб, бировга муте ёки қарам бўлмай, ўзгинамизнинг хавфсиз сарҳадимиздан юрадиган қилганидир. Ишонинг, бу – ҳар қандай дарғага ҳам насиб этавермайдиган юмуш...

Ф.Қурбонбоев олган фотосуратлар