ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

БЮЛЛЕТЕННИНГ ЯНГИ СОНИ БОСМАДАН ЧИҚДИ


04.11.2025

Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси томонидан нашр этиладиган ахборот бюллетенининг 2025 йилги 2-сони босмадан чиқди.

Мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримовнинг мамлакат, халқ, миллат ривожи ва шаклланиши йўлидаги буюк хизматлари эътирофига бағишланган мушоҳадалар асосий негизини ташкил этган бюллетень – мажмуа Васийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президент рафиқаси Татьяна Каримованинг бош мақоласи билан бошланган. “Давлатимизнинг энг катта замини” деб номланган ушбу мақола халқимизга энг яқин тузилма ҳисобланган маҳалла институти ва унинг ривожи бўйича Биринчи Президент раҳбарлигида амалга оширилган ишларга бағишланади. Унда жумладан, шундай фикрлар бор: “Ислом Абдуғаниевич ҳам ҳамма қатори, хонадонининг эшиги барча учун ланг очиқ бўлган, девор-дармиён қўшни – қариндошдан кўра яқин бўлган муҳитда вояга етган. Унинг кўз ўнгида маҳалла мудом катта бир оиладек, қайғуда ҳам, шодликда ҳам суянчиқ бўлиб шаклланиб қолган. Аммо яна бир томони бор эдики, бу тахлит мустаҳкам ришталар авваллари фақат инсон омилига, асрий анъаналаргагина таянган, ҳуқуқий асоси мустаҳкам бўлмаган”.

Бюллетенда – мажмуа томонидан жорий 2025 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги хабарлардан ташқари, Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақида замондошларининг самимий эсдаликлари, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича илмий тадқиқотларга кенг ўрин берилган.

Нашрнинг анъанавий “Ёди ҳамиша ёдда” рукнида Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг “Йўлбошчи”, таниқли давлат арбоби, 1993-2008 йиллардаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис раиси Эркин Халиловнинг “Ислом Каримов – тарихни яратган шахс”, мамлакатнинг дастлабки йиллардаги парламенти раиси ўринбосари Борис Бугровнинг “Он безгранично любил свой народ”, мустақил Ўзбекистоннинг илк Мудофаа вазири Рустам Аҳмедовнинг “Во имя мира и стабильности”, журналист Нуриддин Очиловнинг “Биз ва хотира” номли хотиралари, шунингдек, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Президент марсияси” шеъри ўрин олган.

“Талқин ва тадқиқотлар” рукни орқали эълон қилинган мақолаларда эса олимлар – юридик фанлар доктори Миродилжон Баратов, тарих фанлари бўйича фалсафа докторлари Ойбек Абдимўминов ва Ҳамро Раҳмоновларнинг – мустақил Ўзбекистондаги мулк ҳуқуқи, тарих, маънавият асослари борасидаги илмий тадқиқотларига ўрин берилган.

Ахборот бюллетенининг “Мажмуа ҳаётидан лаҳзалар” бўлимидаги мақолалар орқали эса, одатдагидек, илмий-маърифий мажмуанинг 2025 йил биринчи ярмида амалга оширилган кенг қамровли фаолияти билан муфассал танишишингиз мумкин.

Мухтасар қилиб айтганда, аввал ҳеч қаерда чоп этилмаган бой фотоархивдан кенг фойдаланилган, табиийки, аксарият муаллифлари бошқа ахборот манбаларида айтилмаган хотиралар ўрин олган мазкур нашр билан танишган муштарий – Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг фаол кундалик ҳаёти ҳақидаги мукаммал тасаввурга эга бўлиши шубҳасиз.

Темур Қурбонбоев фотосуратлари