Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар Сурхондарё вилоятида ҳам ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилаётган тадбирларда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, олимлар, шоир-ёзувчилар, маънавият тарғиботчилари, санъаткорлар, меҳнат фахрийлари ва ёшлар фаол иштирок этмоқда.
Биринчи Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир”, “Президентга мактублар”, “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (Солнома)” китобларининг тақдимоти иштирокчиларда катта таассурот қолдирмоқда.
Вилоят марказида ташкил этилган шундай тадбирда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилояти кенгаши раиси ўринбосари О.Соатов ва бошқалар бугунги тинч-осойишта ва фаровон турмушимиз, озод ва обод ҳаётимизни барпо этишда Биринчи Президентимизнинг оқилона сиёсати муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади. Буюк давлат ва сиёсат арбобининг оғир ва машаққатли йилларда амалга оширган улкан ишлари, юксак инсоний фазилатлари ёдга олинди.
Сурхондарё вилояти истиқлол йилларида саноати ривожланган ҳудудга, улкан бунёдкорлик майдонига айланмоқда. Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўли, Хонжиза полиметалл рудалар кони, қишлоқларда барпо этилаётган намунавий уй-жойлар, таълим, тиббиёт муассасалари, мусиқа ва болалар спорти иншоотлари Биринчи Президентимиз номи билан бевосита боғлиқ.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
***
Тошкент вилоятида Биринчи Президентимиз фаолиятига оид китоблар тақдимоти бўлиб ўтдиошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (Солнома)”, “Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир”, “Юксак маънавият – енгилмас куч” ҳамда "Президентга мактублар” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги, вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари масъуллари, таълим муассасалари раҳбарлари, шоир-ёзувчилар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят ва туман кенгашлари ходимлари, ёшлар иштирок этди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори айни халқимиз кўнглидаги ҳужжат бўлди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Шамсиддин Жумаев. – Биринчи Президентимиз мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида ўз ҳаётини фидо этган қатъиятли ва мард инсон сифатида доимо қалбимизда қолади. У кишининг ҳаёти ва фаолияти барчамизга, айниқса, ёш авлодга ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Ушбу асарлар ҳам Биринчи Президентимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилиши билан қадрлидир. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги “Маънавият” нашриёти билан биргаликда ушбу китоблар барча туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан жойларга давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасаларига етказилади.
Тадбирда ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирган буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов китоблари иштирокчиларга тарқатилди.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА