“Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. Буюк Йўлбошчимиз ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди”.
Бу эътироф Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги қарори муқаддимасида битиб қўйилган бўлиб, айни шу ҳужжатга мувофиқ, ҳар йили 2 сентябрь санаси – Биринчи Президент хотираси куни сифатида нишонланади.
Ўтган ҳафтада пойтахтдаги Оқсарой қароргоҳи кираверишида, қолаверса, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида қад ростлаган Ислом Каримов ҳайкаллари пойи – буюк давлат арбоби хотирасига ҳурмат бажо келтириб, қўйилган гулларга тўлди.
Аввал хабар қилинганидек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, ҳайкал пойига гулчамбар қўйган, Қуръон тиловат қилиниб, Биринчи Президентимизнинг юртда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, аҳоли турмушини яхшилаш борасидаги хизматлари ёдга олинган эди.
Хотирлаш тадбирларига давлат ва жамоат арбоблари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда талаба-ёшлар билан бир қаторда – хорижлик меҳмонлар ва чет эл ташкилотлари вакиллари ҳам ташриф буюриб, Ислом Каримов хотираси олдида ҳурмат бажо келтиришди. Хусусан, Америка Қўшма штатлари, Хитой Халқ Республикаси, Туркия Республикаси, Саудия Арабистони, Корея Республикасининг “KOICA” халқаро агентлиги вакиллари ва бошқа меҳмонлар – Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси хотираси олдида ўз эҳтиромларини намойиш қилишди.
Ф.Қурбонбоев фотосуратлари