Халқ қачон миллат бўлади? Ўзлигини англаса, аждодларидан фахр этса, ўша туйғу томирларда оқаётган қондаги жасорату ҳайбатни, ғурурни уйғотсагина, миллат уйғонади. Акс ҳолда, мангу гумроҳликка маҳкумдир у халқ.
Миллат эса ғурур уйғонсагина юксалади. Миллий ғурури бўлмаган кимса ўзлигидан мосуво манқуртга айланади. Миллат бўламан, деган, юксаламан, деган халқ бу йўлдан бормайди. Айниқса, қадим мозийида – ғурурга, шарафга лойиқ минглаб аждодлари бўлган халқнинг, кимлигини унутгани – ўлгани.
Шоир айтмоқчи,
“Халқ улким, ўзининг пешонасида
Юлдузлар борини сезса, қувонса!
Халқ улким, ғурури бўлса ўзида,
аслга ишонса, сохтадан тонса!”
Амир Темур – миллатимиз пешонасида ярқираган ана шундай юлдуз. Амир Темур – бизнинг буюк аждодимиз, миллий давлатчилигимиз асосчиси, етти иқлимни забт этган, онгли ҳаётида адлу эҳсонни, адолату мурувватни шиор қилган, ҳар қандай даҳолардан-да даҳороқ бобомиз. Очиғи, собиқ тоталитар тузум зуғуми билан, шундай даҳо бобосини таҳқирлаб, “оқсоқ”, “қонхўр” деган “сифатлар” билан “сийлаган”, шунга мажбур бўлган халқ эдик биз...
Уни, хотираси-ю улуғ шаъни билан қўшиб, бизга айнан мустақиллик, айнан Ислом Каримов қайтарди. Қайтаргандаям, айрича шаҳд билан, ихлос билан, халқни бирлаштиришга собит ишонч билан қайтарди. Биринчи Президентнинг бир пайтлар фахр билан айтган мана бу гапларига диққат қилинг: “Амир Темур – бизнинг шаън-шавкатимиз, ғурур-ифтихоримиз. Амир Темур халқимиз даҳосининг тимсоли, маънавий қудратимиз рамзидир. Амир Темур шахсини идрок этиш – тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш эса – тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизга ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир”.
Буюк бобомиз хотирасини тиклаш йўлидаги амалий ҳаракатлар ҳам шу гапларга, шу фахрга вобаста бўлди. Дастлаб Тошкент шаҳри марказида 1993 йилда Амир Темурга суворий ҳайкал ўрнатилди. 1996 йил “Амир Темур йили” деб эълон қилиниши муносабати билан бобомиз номини абадийлаштириш ва темурийлар даври маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида, Амир Темурнинг 660 йиллик юбилейи 1996 йил 21-24-апрель кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида – ЮНЕСКО ташаббуси ва раҳбарлигида нишонланди. Унда Ислом Каримов иштирок этди ва нутқ сўзлади.
![]() |
![]() |
1996 йилнинг 18 октябрь куни Темурийлар тарихи давлат музейи очилди. Шу куни Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида Амир Темур ҳайкаллари очилди.
Журналист Амирқул Карим ўша суронли йилларни шундай хотирлайди:
“Адашмасам, 1994 йил эди. Калта қиш кунларининг бири. ЎзАда ишлардим. Тезда собиқ “Космонавтлар проспекти” яқинидаги ҳайкалтарошлар базасига бориб туришим лозимлигини айтишди. Ўн минут ўтар-ўтмас етиб бордим.
Бу ерда аллақачон раҳбарлар, ҳайкалтарош Илҳом Жабборов ҳозир бўлишган эди. Шаҳрисабз ва Самарқандга қўйилиши лозим бўлган ҳайкалларнинг гипс варианти қад ростлаб турар, барча бу ҳайкаллар жуда чиройли чиққанини таъкидлаб, ҳайкалтарошни табриклаб тургандилар.
Шу вақт бирдан Президент машинаси кириб кеиб, орқа эшикдан Ислом Каримов тушди ва машина эшигини шунақа қаттиқ ёпдики, ҳамма чўчиб тушди. Мен ҳайкалтарош Илҳом Жабборов билан ёнма-ён тургандим. Ислом ака шахдам қадам билан биз томон кела бошлади. Рости, кеча “Президент ҳузурида қабул”да бирор хато гап ёзиб юборган эканманми, деб ўйлаб юрагим орқага тортиб кетди. Чунки Ислом ака бизга етишига 3-4 қадам қолмаёқ жаҳл билан “Сен нима қилиб қўйдинг?!”, дея яқинлаша бошлаганди. Хайрият, масофа оз қолганда, Президент бу саволни менга эмас, Илҳом Жабборовга бераётгани ойдинлашди.
Илҳом ака Президентнинг важоҳатини кўриб шалвираб тушган:
– Нима қилдим, нима қилдим?! – дея ғўлдирарди.
– Мен бу халқнинг ғурурини кўтараман, деб жон куйдириб юрибману, сен ўриндиқдаги букчайган чолни чизиб ўтирибсанми? – дедилар Ислом ака.
Кейин билсам, Илҳом Жабборов яратган ҳайкалларининг суратларини альбом қилиб Президентга етказган экан. Самарқандга қўйиладиган ҳайкалда тахтда ўтирган нуроний Амир Темур қиёфаси акс эттирилиши лозим бўлиб, Илҳом ака яратган вариант – скамейкадаги букик қадли чурик чол бўлиб қолган экан. Бундан Ислом аканинг қаттиқ жаҳли чиқиб, ҳайкалларни ўз кўзи билан кўргани келган эканлар.
– Спорт билан шуғулланганмисан? – деди Президент Илҳом Жабборовга.
– Ҳа, – деди базўр ҳайкалтарош.
– Қани тўғри турчи, қаддингни тик тут. – Ислом Каримов сўнгра икки қўлларини қирра қилиб Илҳом аканинг икки елкасига бир туширди. Илҳом ака бирдан ғўдайиб қолди.
– Амир Темур ҳайкалини мана шундай мағрур қилиб ярат. Ундан халқимиз ғурур олиши керак, тушундингми?
Илҳом Жабборов “тушундим”, дегандек бош ирғади. Шундан сўнг Ислом аканинг ҳовури бир қадар босилиб, меҳр аралаш таассуф билан сўзладилар:
– Илҳом, тарихий кинолар кўрганмисан, тарих ҳақидаги китоблар ўқиганмисан?
– Ҳа, Ислом ака, ўқиганман, кўрганман...
– Ўқимабсан. Кўрмабсан, – дедилар Президент. Агар кўрганингда мана бундай яратмасдинг ҳайкални. – И.Каримов Шаҳрисабзда ўрнатиладиган Темурбек ҳайкалига ишора қилди. Биз – бу ҳайкалда камчилик кўрмаганлар ҳайрат билан жим боқиб турардик.
– Қиличнинг аҳволини қара, ўнг қўл тарафга тақиб қўйибсан. Ахир у чап тарафга тақилади. Ўнг қўл билан олинади-ку!
Шундагина биз, дарҳақиқат, қилич чап тарафда тақилиши ҳақида ўйладик.
– Амир Темур ўз “Тузуклар”ида: “Мен барча ишни машварат билан ҳал қилдим”, – деган. Сен Темур бобомизнинг қўлига қилични ушлатиб қўйибсан. Бу талқининг тўғри эмас. Қилични чап томонга ўтказгинда, этакларини сал очиб қўй. Қилич ушлашга ҳозирлик сезилсин. Аммо қилични ушлатиб қўймагин!
Самарқандда ўрнатиладиган ҳайкалда ўриндиқ эмас, тахт сезилсин. Салобат ва ғурур, нуронийлик, донишмандлик барқ урсин, тушундингми?!.
Кейинчалик ҳар гал шу ҳайкаллар олдидан ўтсам, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти бу ҳайкалларнинг яратилишида, уларнинг халқ севган қаҳрамон сифатида элимизнинг турли қатламлари қалбида уйғотаётган ғурурнинг юксак бўлиши учун қанчалар жон куйдиргани ёдимга келади”.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Мана бу битиклар эса марҳум олим, Темурийлар тарихи музейининг собиқ директори Нозим Ҳабибуллаевнинг – ўша йили Парижда ўтган юбилейни хотирлаб ёзган эсдаликларидан парча:
“1996 йили Парижда, ЮНЕСКО бош қароргоҳида Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги шарафига илмий анжуман ва кўргазма ўтказилди. Тарихчи олимларнинг катта гуруҳи жамланди, улар орасида камина ҳам бор эди.
Кутилмаганда кўргазмада Франция Президенти ҳам иштирок этиши, 20 дақиқадан кейин ташриф буюриши ҳақида шошилинч хабар келиб қолди.
Президент Жак Ширак келиши билан Ислом Абдуғаниевич вазиятни дарҳол тўғри баҳолаб, ташаббусни қўлга олдилар ва меҳмонни кўргазма бўйлаб шахсан ўзлари айлантириб, ҳар бир экспонат ҳақида батафсил сўзлаб бердилар. У киши ўша тарихий давр ҳақида 40 дақиқадан ортиқ сўзладилар. Ўзбекистон Президенти тарих борасида бу қадар катта билим соҳиби эканидан Ширак ҳайратда қолди”...
Шундайки, буюк Соҳибқирон бобомиз даҳоси ва унинг абадияти – мана, мустақилликнинг бугунги – 34-йилида ҳам ҳаммамиз учун йўлчи юлдуз, маёқ вазифасини ўташда давом этаётир. Тарихий ҳақиқатни тиклаш, буюк аждодларимиз номи ва шахсиятига муносиб эҳтиром кўрсатиш, уларни ўз номи билан эслаш ҳам бизнинг ворислик бурчимиздир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мана бу сўзлари эса фикримизга яққол исбот бўла олади: “Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам у қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир”.
Ф.Қурбонбоев фотосуратлари