ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни


27.06.2023

Ижтимоий тараққиётнинг улкан ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланган жамоатчилик фикри шаклланишида матбуотнинг ўрнини рад этиб бўлмайди. Аммо матбуотнинг оммавий онгни ташкил этувчи барча элементлар, унинг турлича кўринишлари, шунингдек, ижтимоий амалиёт билан бевосита алоқада бўлишини ҳам унутмаслик керак. Айнан, амалиётда, аҳоли ва алоҳида олинган одамларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир маъносида журналистларнинг фаолияти керакли натижани беради.

Журналистиканинг вазифаси жамиятнинг, инсоннинг манфаат ва қизиқишлари, ижтимоий тараққиёт мақсадларидан келиб чиқиб, амалиётга қайта ўзгартирувчи, қайта ташкил этувчи таъсир кўрсатишда намоён бўлади.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1993 йил 24 июнда қабул қилинган фармони асосида мамлакатимизда 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонланадиган бўлди.

Шу боис 30 йилдан буён  айнан шу куни   Оммавий Ахборот Воситаларининг  кўплаб  воқеликка теран кўз билан боқиб, ҳақиқат жарчисига айланган   жонкуяр, қалби ҳароратли, фидойи вакиллари турли мукофотлар билан  тақдирланади. Маърифийлиги билан жаҳон матбуотидан ажралиб турган ўзбек матбуоти ривожига  ҳисса  қўшган фахрийлар  йўқланади.

Баъзи бир касблар бўладики, унга маълум бир қатлам мурожаат қилади. Лекин ОАВи ходимларининг меҳнатларидан   фойдаланмайдиганларнинг ўзи йўқ. Чунки ҳар ким  телевизор томоша қилади,  радио эшитади,  газета журнал варақлайди, қолаверса, ижтимоий тармоқлардаги блогерлар фаолиятини кузатиб боради. Демак, яратувчанлик ва фаровонликни ҳар қадамда таъмин этиш учун зарур бўлган давлат бошқаруви ҳамда халқ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни айнан Оммавий ахборот воситалари ходимларининг меҳнатисиз тасаввур этиш мушкул. 

Ислом Каримов журналистикани халқ билан оммавий мулоқотга киришадиган қудратли соҳа сифатида қадрларди. Жамиятни соғломлантирувчи куч сифатида журналистика аввало холислик, хаққонийлик ва шаффофлик тамойилларига асосланиши кераклигини ҳамиша таъкидларди. 1996 йилда Ислом Каримов фармони билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони таъсис этилган. Мазкур Давлат мукофотига сазовор бўлганлар орасида соҳанинг етук, қалами ўткир, кўп йиллик тажрибага эга ходимлари қаторида, ёш, шижоатли, ўзининг қатъий сўзи ва позициясига эга бўлган ижодкорлар кўпчиликни ташкил қилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари фаолиятига алоқадор бўлган қатор қонунлар амал қилмоқда. 1997 йил 24 апрелдаги “Ахборот олиш кафолати ва эркинликлари тўғрисида”ги, 2002 йил 12 декабрдаги “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, 2006 йил 20 июлдаги “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, 2007 йил 15 январдаги “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, 2022 йил 7 июндаги “Реклама тўғрисида”ги Қонунлар шулар жумласидандир. Бу қонунларнинг ҳар бирида журналистик фаолиятнинг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилган. 

Журналистларга берилаётган имконият ва имтиёзлар кенгайиб, уларнинг олдига қўйилаётган талаб ва вазифаларнинг салмоғи ва қамрови ҳам шунга яраша ортиб боряпти. Уларни рағбатлантирадиган асосий куч эса, Давлат раҳбарининг эътиборидир.  

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қалам аҳлига нисбатан ҳурмати ва ишончини қуйидаги: «Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз керак: барчамиз демократия деб аталган буюк мактабнинг ўқувчиларимиз. Бу борада ҳали кўп нарсаларни ўрганишимиз зарур. Фарзандларимизни айни шу руҳда тарбиялашда журналистика соҳаси вакиллари, муҳтарам фахрийларимиз ўзларининг бой тажрибаси ва ибратли фазилатлари билан алоҳида намуна кўрсатадилар, деб ишонаман», - дея таъкидлаган сўзларидан ҳам англаш қийин эмас.

        Ф.Курбанбаев суратлари