ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни


31.05.2022

Бутун дунё бўйлаб, ҳар йилнинг 1 июнь куни “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида нишонланади. Ушбу байрам кўпчилик давлатларда “Халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” сифатида ҳам эътироф этилади.

Мамлакатимизда 1992 йил 9 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Болалар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг ратификация қилиниши болаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий мақомини шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжат орқали Ўзбекистон халқаро конвенция қоидалари ва принципларига риоя этиш, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий қонунчилик тизимини такомиллаштириш бўйича мажбуриятларни ҳамда жаҳон ҳамжамияти олдида жавобгарлик масаласини ўз зиммасига олди.

 

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб оила, она ва бола мухофазасига давлат сиёсати даражасидаги масала сифатида ёндошилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов миллат генфондини сақлаб қолиш оналар саломатлиги билан бевосита боғлиқлигини ҳамиша таъкилаб келган. Унинг ташаббуси билан “Соғлом она-соғлом бола” тамойили асосида соғлом болаларнинг туғилиши ва камол топишини таъминлашга қаратилган қатор давлат дастурлари қабул қилинган. 1993 йилда “Соғлом авлод учун” 1 ва 2 даражали орденлари таъсис этилди. Айни шундай ном билан аталган республика хайрия жамғармасига ҳам асос солинди.  Йилларнинг номланишида ҳам, мазкур масалага устувор даражадаги вазифа сифатида ёндошилди. Она ва бола, Ёшлар, Баркамол авлод, Оила каби номлар билан аталган йиллар, эзгу ғояга тўлиқ жавоб берадиган амалий тадбирларга бой бўлди.

 

Ислом Каримов ташуббуси билан болалар спортига кенг йўл очиб берилди. Биринчи Президентнинг фармони асосида қабул қилинган «Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини ташкил қилиш тўғрисида»ги  ҳукумат қарори республикамизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилган йўналишда ташланган энг муҳим қадам бўлди. Жамғарма Ҳомийлик кенгашининг раиси вазифасини Ислом Абдуғаниевич ўз зиммасига олди.  Қилинган ишларнинг адоғига етиб бўлмайди. “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт”. Биринчи Президентимизнинг мазкур шиори миллий ғоя замирида мужассам бўлган бош мақсадни ўзида тўлиқ намоён этган.

 

У киши айтганидек, фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати ва фаровон келажагини қуриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган давлат-Ўзбекистоннинг пойдеворини янада мустаҳкамлашда муҳим омил саналади.

Ф. Курбанбаев суратлари