ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

УСТУВОР ВАЗИФА – ЖАМИЯТ РИВОЖИ


26.05.2025

                                     

Мустақилликнинг дастлабки чорак асри... Давр нуқтаи назаридан, ўта қисқа, ўзгаришлар кўлами бўйича эса – асрларга татигулик йиллар. Ўзгаришлар энг аввало, одамлар онгида содир бўлди. Бу жараён 1991 йилда,  собиқ совет Республикалари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда, муқобиллик асосида ўтган Президентлик сайловларида кўзга ташланган эди.

Халқ, Биринчи Президент Ислом Каримов раҳбарлигида, ташқи омиллардан қатъий назар, ўз тақдирини ўзи белгилаб, дунёвий демократик давлат қуриш йўлидаги асосий танловини қилди. Бежиз “Тақдирни қўл билан яратур одам” дейилмаган. Мустақил тараққиёт йўлини танлаган жамиятимиз ўзи ва келажак авлодлар тақдири учун масъулиятни янада кўпроқ ҳис эта бошлади. Агар авваллари, собиқ шўроларнинг тоталитар тузуми шароитида сайлов жараёнлари шунчаки, номига расмийлаштирилиб, ҳамма нарса олдиндан белгилаб қўйилган бўлса, бугун биз ҳақиқатан ҳам ўзимиз ишонган, маъқул топган, ўзгаришлар қилишга қодир инсонларга овоз бераяпмиз.

2024 йил – Янги Ўзбекистон тарихига навбатдаги парламент сайловлари йили сифатида кирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиев таклифига кўра улар илк бор мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида амалга оширилиб, жараёнларда сиёсий партияларнинг аҳамияти кучайди. Хорижлик экспертлар ҳам сайловнинг – Ўзбекистон Конституцияси, Сайлов кодекси ва халқаро стандартларга мос ўтганлигини таъкидлашди.

Жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг кейинги йўналиши, унинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлигини кўп жиҳатдан белгилаб берувчи ушбу воқеага мурожаат қилаётганим бежиз эмас. Чунки Ислом Абдуғаниевич истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ қонун устуворлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратганига гувоҳман.

8 декабрь куни халқимиз бош қомус – мамлакат Конституцияси қабул қилинган кунни катта тантана қилди. Мустақиллик даврида, яъни синовлар даври деб ҳам аталадиган даврда Асосий Қонуннинг қабул қилиниши – ўша пайтда ҳуқуқий давлат меъморчилиги шаклланишида тамал тоши бўлиб хизмат қилганди. Унинг яратилишидан то қабул қилинишигача бўлган барча жараёнлар Биринчи Президентимизнинг эътибор марказида туриб, унинг муҳим тавсиялари ва конструктив мулоҳазалари эътиборга олинган.

“Конституциямиз собиқ Совет Конституциясидан фарқли равишда, инсон ҳуқуқлари, манфаат ва эркинликлари – давлат манфаатларидан устунлигини таъминлаб, унинг мазмун-моҳиятини – одамларга муносиб турмуш шароити яратишдан иборат қилиб белгилаб берди, ижтимоий адолат тамойилларини барча соҳаларнинг асоси сифатида эълон қилди... Бу эса оддий бир ҳақиқатни аниқ англаб етиш орқали намоён бўлади – халқимиз ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидамайди”. Шундай дея таъкидларкан, Ислом Каримовнинг ўзи давлат миқёсида қабул қилинаётган ҳар қандай қарорда инсон манфаатлари ва ҳуқуқлари – асосий муддао эканини таъминлаш учун барча ишни амалга оширди. Ўзбекистоннинг янги тарихида босқичма-босқич равишда бутун дунё эътирофига сазовор бўлган ўзига хос ва мос демократия модели барпо этилди.

1995 йилда олий қонун чиқарувчи орган бўлмиш Олий Мажлисга сайловлар бўлиб ўтди. Бу даврда парламентлараро алоқалар фаол ривожланиб, парламент дипломатияси вужудга келди. Кейинчалик, 2002 йилда икки палатали парламент ташкил этилиши ҳам давлатчиликни такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. У қонун ижодкорлиги тизимини сифат жиҳатдан янги – профессионал даражага кўтариш имконини берди.

Бундай ёндашув жамиятда барқарорликни таъминлади. Айнан шу мақсад-муддао – Ўзбекистон тараққиётининг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб келган ва ҳозиргача шундай бўлиб қолмоқда. Мазкур мезон халқаро миқёсда ҳам қайта-қайта эътироф этилган. Чунончи, 2015 йилда АҚШнинг Гэллапа жамоатчилик фикри институти томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон “Қонун ва тартиб индекси” рейтингида 141 та давлат орасида иккинчи ўринни эгаллаган эди.

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган ҳуқуқий-демократик давлат қуриш тамойилларининг ҳаётга татбиқ этилиши – мамлакатни бошбошдоқликдан қутқариб, миллий ўзликни англаш, инсон манфаатлари ҳимоясига хизмат қилди, дейиш мумкин. Қолаверса, бу жараёнлар эртамиз эгалари бўлмиш – келажак авлодлар учун ҳам таянч ва ҳаракатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилди.

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида халқ – тараққиётнинг демократик йўлини танлаб, давлатчиликни барпо этиш жараёни узоқ вақт талаб этишини, бунинг учун жаҳондаги ва миллий тажрибани ўрганиш ҳамда муттасил изланиш зарурлигини англаб етди. “Демократия куч билан жорий этилмайди, сингдирилади, бу эса баъзан узоқ вақтни олиши мумкин. Ҳақиқий демократияни ҳукумат ўрнатиши керак эмас, уни одамларнинг ўзлари – ички маданияти ва ижтимоий эҳтиёжларидан келиб чиқиб, юзага келтиради”, – деган эди Ислом Каримов.

Дунё миқёсида олганда ҳам, тарихи, маданияти, менталитети, урф-одатлари, миллий таркиби-ю диний эътиқодлари ва бошқа жиҳатлари билан тубдан фарқланадиган мамлакатларнинг барчасига мос бўлган демократияни барпо этишнинг ягона усули йўқ. Ўрганиш, изланиш – ислоҳотлар жараёнларининг ўзида содир бўлади, у эса таҳлил ва мушкулотлар билан кечмоғи табиий.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бир галги чиқишида, “Кўпчилик демократияни турлича талқин қилади. Мен учун демократия – халқимиз тинчлиги, фаровонлиги, тенг ҳуқуқлилиги”, – дея таъкидлаган эди.

Бугун, Янги Ўзбекистон шароитида жамиятни демократлаштириш жараёнлари янада кучайиб, ривожланиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Улар – фуқароларнинг ҳуқуқлари, манфаатлари ва эркинликлари ҳимоясида, ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янгидан янги механизмлари яратилаётганида; фуқаролик жамиятининг мустақил ва барқарор институтлари ривожида намоён бўлмоқда.

Татьяна КАРИМОВА,

Ислом Каримов номидаги

илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси

Васийлик кенгаши аъзоси,

иқтисод фанлари номзоди