“Барчамиз учун азиз ва қадрли бўлган Ислом Абдуғаниевич Каримов бугун орамизда йўқ. Бироқ Биринчи Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели”ни амалга ошириш ва замонавий давлат барпо этиш борасидаги стратегик тамойилларга биз ўз ишимизда доимо суянамиз”.
Вазирлар Маҳкамасининг яқинда бўлиб ўтган кенгайтирилган мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан айтилган бу сўзларда чорак асрлик мустақил тараққиёт давомида Ўзбекистоннинг буюк фарзанди, бутун ҳаёти ва бор куч-ғайратини тўлалигича Ватан хизматига бахшида этган, ўз халқини жондан севган Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда қўлга киритилган ютуқлар эътирофи ўз ифодасини топган.
Шубҳасиз, бу муҳаббат ва ҳурматга жавобан халқимиз ҳам Биринчи Президентимиз сиймосини қалб тўрида ардоқлаб сақлайди ва мустақилликни қўлга киритиш, мустаҳкамлаш йўлида амалга оширган хайрли ишларини сира унутмайди.
Мамлакатимизнинг 25 йиллик мустақил тараққиёт йўли сиёсий барқарорлик шароитида рўёбга чиқарилган изчил янгиланишлар даври бўлди. Ислом Каримов эътироф этганидек, бундай сиёсий барқарорликни, энг аввало, иқтисодий мустақилликка эришмай туриб таъминлаш мумкин эмасди, иқтисодий мустақиллик эса, ўз навбатида, дунёда “ўзбек модели” деб ном олган улкан ислоҳотлар дастурига асосланганди. Фаровонлик йўлининг бу аниқ-равшан формуласи Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти бизга қолдирган боқий мерос сифатида асло аҳамиятини йўқотмайди. Чунки унда одамларнинг ҳар қандай инқирозга қарамасдан, ўз Ватани билан фахрлангани ҳолда, муносиб ҳаёт кечиришга бўлган қатъий интилишлари мужассамдир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ана шу тамойиллар Ўзбекистонда бундан буён ҳам сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларни таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг чорак асрлик мустақил тараққиёти давомида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар барча соҳадаги муваффақиятларимизнинг тамал тоши, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Албатта, бу ютуқларга юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, барқарор иқтисодий ўсиш туфайли эришилди. Бугун биз фаровон ҳаётимизга одатий ҳол сифатида қараймиз. Бироқ кўпчилик, айниқса, катта авлод вакиллари ўтган кунларимизни яхши эслашади, “Ким эдигу ким бўлдик?” деган саволга холис ва асосли жавоб бера оладилар, улар ҳозирги дориламон кунларга қандай саъй-ҳаракатлар эвазига етиб келганимизни теран англайдилар.
Ўтган давр ҳақида сўз борганда, уни нафақат “мураккаб” тушунчаси билан, балки “шиддаткор” ибораси билан ҳам ифодалаш лозим. Чунки айни бир авлод кўз ўнгида асрларга татигулик воқеалар юз берди.
Босиб ўтилган йўл қанчалик машаққатли бўлганини, нечоғли катта хавф-хатарларга дуч келинганини такрорлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Бу қийинчиликларга нафақат қарши туриш, балки ўтиш даврининг барча мураккабликларига қарамасдан уларни енгиб ўтиш фақатгина Биринчи Президентимизнинг шижоати, оқилона қарорлари, халқимиз матонати туфайли амалга ошди. Бинобарин, пухта ва донишмандона таҳлил билан қабул қилинган қарорлар замирида миллионлаб инсонларнинг тақдири учун улкан масъулият ҳисси барқ уриб турарди.
Ёш мустақил давлатнинг оёққа туриб олиши ўзининг самарадорлигини амалда исботлаган, халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган демократик жамият қуришнинг машҳур “ўзбек модели” билан бевосита боғлиқдир. Унинг Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган бешта тамойили мустақил республика қайси йўналишда ўз тараққиёти сари бориши кераклигини белгилаб берди.
Аслини олганда, ислоҳотларнинг дастлабки босқичида шаклланган “ўзбек модели” Ўзбекистонда бозор иқтисодиётини қарор топтириш учун услубий асос ҳамда жамият ривожига мутлақо янгича назарнинг аниқ-равшан ифодаси бўлди.
Ҳаётий чора-тадбирлар
Бугунги тинч ва осойишта, фаровон ҳаётимиз бизни мустақиллик остонасида рўй берган воқеа-ҳодисалар ҳақида холис мушоҳада юритишга ундайди. Йигирма йилдан сал кўпроқ вақт муқаддам ҳатто энг машҳур олим ва тадқиқотчилар ҳам ўтиш даврининг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлари бўйича фақатгина юзаки фикрларни билдира оларди холос. Чиндан ҳам, ўша йиллар келгусида нима юз бериши мумкинлиги хусусида ҳатто тахмин ҳам қилиб бўлмас даражада мураккаб эди.
Мавжуд вазият тарихий шароит сабаб тобора кескин тус олганди. Негаки, республикамиз ва унинг жафокаш халқини собиқ марказдаги партия корчалонлари фақат қимматбаҳо тола берувчи пахта ҳосили зарур бўлиб қолгандагина эслашлари оқибатида ўзимизни боши берк кўчага кириб қолгандек ҳис этардик. Шу боис вазиятдан чиқиб кетиш йўлларини тезкорлик билан топиш талаб этиларди. Юридик фанлар доктори, ҳуқуқ назарияси бўйича мутахассис Леонид Левитиннинг тарих ва сиёсий фанлар профессори, Ўрта Осиёнинг сиёсий муаммолари бўйича америкалик кўзга кўринган олимлардан бири Дональд С. Карлайл билан ҳамкорликда ёзган “Ислом Каримов — янги Ўзбекистон Президенти” номли китобида қайд этилганидек, 90-йиллар бошида совет республикаларидан ҳеч бири Ўзбекистончалик ҳалокат ёқасида эмасди.
— Республика халқининг тахминан учдан икки қисмини ташкил этувчи қишлоқ аҳолиси йиллар давомида эксплуатация қилинган. Одамлар пахта яккаҳокимлиги шароитида ўта оғир ва сермашаққат меҳнатга маҳкум, яшаш учун зарур маблағнинг етишмаслиги ва умуман, адолатсиз ижтимоий тузумдан азият чекишарди, — деб ёзилганди Австрия пойтахтида нашр этилган бу рисолада.
Йигирманчи асрнинг 90-йиллари бошида яқин хориж давлатларининг энг нуфузли газеталарида мамлакатимиз ҳақида мақолалар “Ўзбекистон — қизиб турган самовар”, “Ўзбекистон — нонсизлар ўлкаси”, “Қуёш ботиши олдидан” каби сарлавҳалар остида берилган. Кўпгина кузатувчилар республикани нафақат даҳшатли инқироз кутаётганини, балки бу оқибатини тасаввур этиш ҳам мушкул бўлган муқаррар ҳолат эканини башорат қилишарди.
Ўша пайтда айрим шубҳагўйлар малайзияча, америкача, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларининг моделларидан нусха кўчириш тарафдори эдилар. Улар бошқа саноати ривожланган мамлакатларда татбиқ этилган бўлса-да, халқимиз қадриятларига, дунёқарашига тўғри келмасди. Бир неча “тайёр” рецептлар ҳам бот-бот такрорланарди. Дейлик, “шок терапияси” улардан бири эди. Аммо унинг тамойиллари давлат иқтисодиётини соғломлаштириш ва уни инқироздан чиқариш баҳонасида меҳнатга лаёқатли аҳолининг 40 фоизини ишсиз қолдириши, ҳаёт даражасини пасайтириши, ижтимоий тангликни кучайтириши мумкин эди.
Ислом Каримов бозор муносабатларига бундай ёндашиш нотўғри, деган қатъий фикрини илгари сурди. Боиси, таклиф қилинаётган услублар бутун ҳаёт тарзини, халқнинг руҳиятини бутунлай ўзгартиришни талаб этарди. Зотан, бизнинг асосий вазифамиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг янги босқичига ҳеч қандай йўқотишларсиз ўтишдан иборат эди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон фақат ўзигагина хос бўлган йўлни танлади. Бу йўл илғор мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, иқтисодий ислоҳотларнинг миллий моделини яратишни кўзда тутарди. Ўша даврда “ўзбек модели” самарали ўзгаришларни амалга ошириш учун кучли туртки бўлди ҳамда мисли кўрилмаган чинакам нажот ва -юксак ишонч бахш этди.
Келажакни ўз қўлимиз билан қурамиз
“Ўзбек модели”га ҳамоҳанг равишда истиқболли вазифалар белгилаб олинди. Ислом Каримов “Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз” асарида қайд этганидек, республикада иқтисодий ислоҳотлар ва янгиланишлар дастурини амалга оширишнинг дастлабки кунларидан бошлабоқ, асосий эътибор иқтисодиёт тузилмасини муайян равишда яхшилаш, унинг бир томонлама, хом ашё базаси сифатидаги йўналишидан воз кечишга қаратилди ва ҳозир ҳам шундай қилинмоқда.
Мустақилликка эришгунга қадар Ўзбекистон тоталитар, мустабид тузумнинг пахта базаси ҳисобланар ва ана шу хом ашёни бошқа минтақаларга ҳам етказиб берарди. Турмуш даражаси эса ниҳоятда паст эди: 1990 йилда Ўзбекистонда умумий даромадлари яшаш минимумидан паст бўлганлар аҳолининг 70 фоизини ташкил этарди, бошқа республикаларда эса бу кўрсаткич 30 фоиздан кўп эмасди. Мавжуд корхоналар ички бозор эҳтиёжлари учун эмас, балки олиб чиқиб кетилиши учун маҳсулот ишлаб чиқарарди. Шу билан биргаликда, агар ўша пайт харитасига назар ташланса, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 50 фоизи фақат Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг, қолган 50 фоизи эса бошқа вилоятларнинг ҳиссасига тўғри келарди.
— Собиқ тузум шу қадар мафкуралашган эдики, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти иқтисодиёт қонунларига эмас, догмаларга бўйсунарди, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошидаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи-методик маркази директори ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов. — Ўша пайтда ялпи ички маҳсулот таркибида саноатнинг улуши, бор-йўғи, 14 фоизга яқин эди, холос. Бир вақтнинг ўзида собиқ марказ жуда катта миқдордаги молиявий маблағларни ўз ғояларини Африка ёки Америка қитъаларидаги мамлакатларга сингдириш учун йўналтирарди. Янги мактаблар қуришга эса маблағ топилмасди. XX асрнинг сўнгги ўн йилликларида ана шундай шароитларда яшаган одамлар ишлаб чиқаришда, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда юзага келган турғунликни кўриб, келажакка бўлган ишончни йўқотган эдилар.
Бошқача айтганда, мафкуравий догмалардан холи шундай янгича тафаккурни шакллантириш зарурати пайдо бўлди, токи у бутун жаҳон тамаддуни ва ҳар бир алоҳида мамлакатнинг сифат жиҳатидан янги босқичга ўтиши учун турли йўллар мавжудлигини кўрсатиб берсин. Ўзбекистонда узоқ вақт давомида юзага келган муаммоларни ҳал этиш учун тамомила янги ёндашув ишлаб чиқилди. У иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг ҳар бир босқичида мақсад ва устувор вазифаларни аниқлаштириш, уларни бажариш учун зарур бўлган механизмларни яратиш, қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлашни ўз ичига олди. Муҳими, бу ишлар кўзбўямачилик, ўз-ўзини алдаш ва ютуқлардан эсанкирашларсиз, вазминлик билан олиб борилди, айнан шунинг учун ҳам самарали бўлди.
Юқорида номи келтирилган Л. Левитиннинг ёзишича, Ўзбекистон қулай географик жойлашувга эга бўлиб, минтақанинг транспорт, энергетика ва сув тизимлари марказида жойлашган. У аҳоли сони жиҳатидан ҳам, илмий-техник салоҳияти, ноёб табиий-иқлим шароитлари, қадимий деҳқончилик маданияти ва минерал-хом ашё захиралари билан ҳам ўз қўшнилари орасида устун туради. Бу эса ўзини ўзи озиқ-овқат билан таъминлашга, қишлоқ хўжалиги экинларининг қимматли техник турларини етиштириш ва экспорт қилишга имкон яратади. Мамлакатда экологик жиҳатдан хавфсиз ва жаҳон бозорида рақобатдош мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун барча шарт-шароит мавжуд.
Мутахассислар фикрича, бозор иқтисодиётини тоталитар, маъмурий-буйруқбозлик асосида шакллантириб бўлмайди. Бу икки тизим умумий жиҳатларга эга эмас, шунинг учун ҳам мустақилликка эришган пайтда мавжуд хўжалик механизмини такомиллаштириш эмас, балки бутунлай янгисини яратиш зарур бўлди. “Ўзбек модели” асосида бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтилди.
Янги шароитга ўтиш халқнинг қўллаб-қувватлаши туфайли келгуси тараққиёт ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига мустаҳкам пойдевор яратди. Бу монолитнинг ҳаётийлиги кейин ҳам бир неча бор синовдан ўтди. Масалан, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида республикамиз ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар дастури асосида инқирозни салбий оқибатларсиз енгиб ўтди.
Мулкдорлар мамлакати
Аниқ иқтисодий ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, бозор иқтисодиётига унинг барча қоидаси ва талабларини жорий этган ҳолда ўтиш осон кечмайди. Лекин мустақиллик илгари мавжуд бўлмаган астойдил меҳнат қилиш ва бунинг учун моддий рағбат олиш имкониятини тақдим этди.
Бозор муносабатлари шароитида халқимиз ўзининг тадбиркорлик қобилиятларини ишга солган ҳолда, қўшимча даромад манбаини топди. Бозор иқтисодиётига ўтиш, шунингдек, одамлар онгу тафаккурини ўзгартириш учун замин яратди. Аҳоли орасида ташаббускорлик, ўз кучига ишониш ҳисси шаклланди. Негаки, бозор муносабатлари одамларни янгиликларга бефарқ қарамасликка, фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини дадил жорий этишга, касбий маҳоратни муносиб баҳолашга, қисқаси, иқтисодиёт устидан марказлашган бошқарув шароитида эришиш мумкин бўлмаган ютуқларни қўлга киритишга чорлайди. Бозор иқтисодиётида маданий анъаналар такомилига етказилади, айниқса, у ёки бу соҳада афзалликка эга бўлган анъаналар ривожлантирилади. Бозор муносабатлари, бир томондан, ишлаб чиқариш қувватларининг салоҳиятидан самарали фойдаланишни, иккинчи томондан эса, боқимандаликдан қутулиб, ташаббускорлик ва омилкорликни ривожлантириш, мулкка эгалик ҳиссини қайта тиклаш ва ниҳоят, ишлаб чиқарувчининг буйруқбозлигидан воз кечиб, унинг истеъмолчи манфаатларига хизмат қилишини таъминлайди.
Ўз навбатида, мазкур жараённинг пировард хулосаси Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мулкдорлар мамлакатига айланиши керак!” деган сўзларида яққол ифода этилди. Республиканинг янги тараққиёт йўлига ва танлаб олган моделига содиқлиги ҳақидаги фикрлар нафақат мамлакатимиз, балки глобал миқёсда янграй бошлади. Биринчи Президентимиз Европа давлатларидан бирига сафари чоғида мамлакатимизда кичик ва ўрта мулкдорлар синфи пайдо бўлган тақдирдагина жамиятимиз тараққиёт ва демократия сари дадил одим ташлай олишини ишонч билан таъкидлагандилар.
Шунда мулкка муносабатни тубдан янгилаш мақсадида ўзгаришлар қадамма-қадам амалга оширила бошланди. Унинг моҳияти мулкни давлат тасарруфидан чиқариш, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ғоясига асосланарди. Бу эса иқтисодиётни босқичма-босқич янгилашда пойдевор бўлди ва унинг самарадорлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилди.
Ишбилармон доиралар ҳамда таҳлилчилар фикрича, оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсат бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан изчил давом эттирилмоқда, амалга оширилаётган ислоҳотлар эса нафақат самарали, балки Ўзбекистон сингари бозор иқтисодиётини ривожлантириш сари юз тутган бошқа давлатларга амалий ўрнак бўла олади.
Айтиш керакки, мустақиллик туфайли хусусий сектор беқиёс имкониятларни қўлга киритди. 50 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилди ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида тўлдирилди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, агар бундан ўн йил аввал ўз ишини йўлга қўйиш учун тадбиркорга 276 кун керак бўлган бўлса, айни пайтда бу жараён Ўзбекистонда бир ҳафтадан кам муддатни талаб этади ва юқори даромадли мамлакатлар кўрсаткичига мос келади. Ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган бундай ишлар халқаро иқтисодий ташкилотларнинг рейтингида акс этмоқда. Мисол учун, қисқа давр ичида мамлакатимиз деярли 70 банд бўйича кўрсаткичларни яхшилаган.
Изчил амалга оширилаётган сиёсат туфайли бугун Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромад МДҲ мамлакатларидаги кўрсаткичлардан юқори. Янги мингйилликка ўтиш бўсағасида кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда, Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида келтирилганидек, 56,9 фоизга етган. Аграр соҳадаги туб бурилишлар натижасида қишлоқ меҳнаткашларининг қарашлари ҳам ўзгарди. Ҳар бир фермер ва деҳқон ўзини ернинг ҳақиқий эгасидек ҳис эта бошлади. Айнан эгасидек, хўжайинидек эмас — бунинг катта фарқи бор. Ўзини ва оиласини боқаётган ернинг ҳолатига, уни қайта ишлашга масъулият билан ёндашадиган, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулотни сақлаш учун жон куйдирадиган, бошқача айтганда, натижадорликка ва ўз қобилиятини тўла намоён этишга интиладиган бўлди.
Айни пайтда Ўзбекистонда иш билан банд аҳолининг тўртдан уч қисмидан кўпроғи хусусий секторда меҳнат қилади. Уларга хом ашёни замонавий технологиялар асосида чуқур қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш, тайёр маҳсулотни экспорт қилишни ошириш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш вазифалари ҳам юклатилган. Бундан чорак аср муқаддам умуман мавжуд бўлмаган мулкдорлар ва тадбиркорлар бугун иқтисодиётнинг етакчи кучига айланди. Аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, замонавий хизматлар кўрсатиш, янги иш ўринлари яратиш масалаларида улар асосий роль ўйнамоқда.
Самарадорлиги тан олинган, чуқур ўйланган чора-тадбирлар, Ўзбекистонни ишбилармонлик муҳитини ислоҳ этиш бўйича жаҳондаги кучли ўнталикка киритган Жаҳон банки эътироф этганидек, изчил давом эттирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги хусусий сектор ривожида янги сифат босқичини бошлаб берган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ишбилармонлар доирасида катта қизиқиш уйғотди. Давлатнинг қўллаб-қувватлашидан илҳомланган тадбиркорлар сафи ўтган йил давомида яна 32 мингта кўпайди.
— Ўзбекистон раҳбарияти баландпарвоз сиёсий баёнотлар бермайди, сиёсий олди-қочди билан шуғулланмайди, — деб қайд этган эди “Мир говорит” газетасининг бош муҳаррири Виктор Матяшов (Россия). — У иқтисодиётни йўлга қўйиш, -давлат қурилиши борасида аниқ ишларни амалга оширади.
Дунё нигоҳидаги кўрсаткичлар
Мустақилликка эришилган дастлабки кунлардан бошлабоқ Ўзбекистоннинг ҳар бир саъй-ҳаракати узоқ ва яқин қўшнилар томонидан синчиклаб кузатилди. Қулай географик шароитлар, табиий бойликлар ва кадрлар салоҳиятига эга ёш давлат билан алоқаларни ўрнатишга бўлган иштиёқ йилдан-йилга кучайиб борарди. Аммо улар ҳар сафар ҳамкорликни таклиф этиш олдидан барқарорликка ишонч ҳосил қилиш учун мамлакатимиздаги вазиятни чуқур ўрганди. Чунки инвесторга унинг қўйилмалари фойда келтириши жуда муҳим: бизнес, бу — бизнес.
Шундай экан, статистик ҳисоботлар, прогноз параметрлари, ОАВдаги материаллар ва бошқа манбалар жуда пухта, таъбир жоиз бўлса, лупа орқали таҳлил этиларди. Диққат билан танишгандан сўнг эса ҳамкорлар тўпланган далилларни қониқиш билан қайд этарди: Ўзбекистон собиқ совет республикалари орасида 1997 йилдаёқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1990 йилдагига нисбатан 12,7 фоиз ошира олган ягона мамлакат эди. Бошқа кўпгина мустақил давлатлар бир неча йил ўтгандан кейин ҳам бу кўрсаткични, ҳатто 1990 ёки 1991 йил даражасига яқинлаштира олмаган эдилар.
Бундай натижаларга иқтисодий ислоҳотларни асосий мақсад қилиб қўймаган ҳолда эришилди. Бу ислоҳотлар дастлабки даврда, аввало, одамларга, уларнинг энг зарур кундалик эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилди. Кейинчалик эса уларнинг ўз қобилиятларини намоён этиши учун шароит яратишга қаратилди. Буни теран англаган доно халқимиз мустақил давлатнинг ҳар бир қадамини мамнуният билан қарши олди.
Ўша йилларда оммавий ахборот воситаларидаги тенденцияни кўпчилик яхши эслайди. Телевидение ва газеталар МДҲ мамлакатларида иш ҳақи ўз вақтида берилмаётгани ҳақидаги хабарлар билан тўлиб-тошган эди. 1998 йилдан кейин “рельслар жанги” тушунчаси қўлланила бошланди: яъни ўшанда кўмир қазиб чиқарувчи минтақаларда етти ойлаб маошини ололмасдан силласи қуриган кончилар асосий транспорт магистралларини тўсиб қўйишарди. Пенсионерларнинг аҳволи ҳам ҳавас қиларли эмасди. Хорижлик социолог Леонид Гордон таъбири билан айтганда, улар уйда ўз муаммолари билан ёлғиз қолишдан кўра, намойишга чиқишни афзал кўришарди. Айни пайтда бу давлатларда аҳолининг беш фоизга яқини шу қадар бойиб кетган эдики, уларнинг даромади қашшоқ қатлам вакиллариникидан 25 — 40 баравар ортиқ эди.
“Ўзбек модели” асосида паст ва ўрта даромадли аҳоли қатламларининг турмуш даражасини кўтариш бўйича пухта ўйланган сиёсатни амалга ошириш асносида жамиятда кескин табақаланишга йўл қўймаслик чоралари кўрилди. Юртимизда 10 фоиз таъминланган ва 10 фоиз етарлича таъминланмаган аҳоли даромадлари ўртасидаги тафовут, яъни “децил коэффициенти” деб аталувчи кўрсаткич 2015 йилда 7,7 фоизни ташкил этди. Халқаро эътироф этилган Жини индекси, яъни аҳолининг табақаланиши кўрсаткичи 0,280 ни ташкил этди ва бу кўпгина ривожланган ҳамда ривожланаётган давлатларникидан анча паст эди.
Шу маънода, қуйидаги рақамлар эътиборни тортади: 2016 йилда аҳолининг реал даромадлари 11 фоиз ўсди, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 15 фоиз, пенсия ва ижтимоий нафақалар — 12,1 фоиз оширилди. Бу рақамлар жаҳонда давом этаётган молиявий инқироз сабабли қатор давлатларда ижтимоий тўловлар қисқариб бораётган бир шароитда бизнинг давлатимиз ўз фуқароларига қанчалик ғамхўрлик кўрсатаётганидан далолат беради.
Барқарорлик, юқорида санаб ўтилган омиллар, шунингдек, тобора такомиллашаётган транспорт соҳаси, жозибадор инвестиция муҳити, халқаро рейтинглардаги юқори ўринлар — буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр бўлган янгидан-янги инвесторларни жалб этмоқда. Иқтисодиётимизга, асосан, соҳаларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш лойиҳаларини амалга ошириш учун киритилаётган сармоялар фақат 2016 йилда деярли 10 фоиз ортди ва 16,6 миллиард долларни ташкил этди. Жаҳон иқтисодиётига интеграциялашаётган Ўзбекистон ҳудудида бугун беш мингдан зиёд чет эл капитали иштирокида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида тузилган корхоналар фаолият юритмоқда. “Ўзбек модели” асосида амалга оширилган ислоҳотлар экспертлар томонидан ҳамиша юқори баҳоланиб келинмоқда. Хусусан, Жаҳон иқтисодий форуми Ўзбекистонни энг тез ривожланаётган бешта давлат қаторига киритди.
Европа Парламентининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик бўйича делегацияси раиси Ивета Григуленинг фикрича, Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини бундан 25 йил аввал қандай ҳолатда бошлаганини ҳисобга олсак, мамлакат мустақиллик йилларида ақлбовар қилмас ютуқларга эришган.
— Бугун Ўзбекистон барча соҳада илдам ривожланишни намойиш этмоқда. У ўз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлашга, уларнинг моддий фаровонлигини ва ижтимоий ҳимоясини яхшилашга, турли хизматлардан фойдаланишлари учун имкон яратишга алоҳида эътибор қаратадиган давлатга айланди, — дейди парламент аъзоси.
Кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти бир неча баробар ўсди, аҳоли нуфуси бир ярим марта кўпайган бўлса-да, жон бошига даромад кўрсаткичлари сезиларли даражада ортди. Шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгарди, замонавий ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма вужудга келди. Буларнинг барчаси тараққиётнинг “ўзбек модели” ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилаётганининг, мамлакат ҳамда унинг ҳар бир фуқароси фаровонлиги йўлида -давом эттирилаётган ислоҳотлар сиёсатининг амалий ифодасидир.