ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Бурхон Мавлонович Рустамов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Қўмиталар билан ишлаш бўлими мудири


1987–1990 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказқўмининг Қашқадарё области бўйича инспектори, 1990–1991 йилларда Қашқадарё область партия қўмитаси иккинчи котиби лавозимларида ишлаган.

Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Қашқадарё область партия қўмитаси биринчи котиби лавозимида ишлаган давридаги фаолиятидан икки лавҳа

 1988 йилнинг баҳори эди. Қарши шаҳрига собиқ иттифоқ Компартияси Марказқўми қурилиш бўлимининг мудири В.Смирнов келган эди. Ўша даврдаги анъаналарга кўра унга Ўзбекистон Компартияси Марказқўмининг саноат масалалари бўйича котиби А.С.Икрамов ҳамроҳлик қилар эди.

И.А.Каримов, В.Смирнов, А.С.Икрамов, Қашқадарё область партия қўмитаси котиби Р.Рахмонов ва ўша вақтларда Ўзбекистон Компартияси Марказқўмининг Қашқадарё области бўйича инспектори лавозимида ишлаган Б.М.Рустамов таркибидаги гуруҳ обкомнинг «РАФ» русумидаги микроавтобусида Толимаржон ГРЭСи қурилишига йўл олди.

Қурилиш объектларидан қайтиш чоғида РАФ микроавтобусида В.Смирнов Ислом Каримовга таклиф билан мурожаат қилди.

Ислом Абдуғаниевич, келинг, Қашқадарё областида уй-жой қурилишига ажратилган цемент фондларининг бир қисмини Толимаржон ГРЭСи қурилишига йўллайлик. А.С.Икрамов В.Смирнов фикрини қўллаб-қувватлади.

И.А.Каримовнинг юзи ўша заҳотиёқ қизариб кетди, ва ҳаттоки қорамтир тус олди. Бу унинг ғазабли ҳолатининг ташқи аломати эди.

Бу вақтда микроавтобус Нишон туманидаги уйлар ёнидан ўтаётган эди. Ислом Абдуғаниевич ҳайдовчига «Тўхта!», – деб хитоб қилди. У машинадан биринчи бўлиб тушди ва В.Смирновга «машинадан чиқ», – деб, мурожаат қилди.

Сўнгра ҳеч иккиланмай, энг яқин уйга қараб йўл олди. Уй бекаси меҳмонларни кўрган заҳотиёқ, бир пиёладан чой ичишга таклиф қилган ҳолда, улар олдига ёпган нонни ушатиб қўйди.

Ислом Абдуғаниевич уй бекасидан рухсат олган ҳолда В.Смирновни уй ичкарисига таклиф этди. В.Смирновни девор олдига олиб боргач, сўради: «Сен бу ерда қаерда цемент борлигини кўраяпсан?». Уй деворлари лой-пахсадан бино қилинган эди. Қашқадарё вилоятида бундай уйлар 90 фоиздан ортиқни ташкил этар эди. Ислом Абдуғаниевич Москвадан келган партия амалдорига тик қараган ҳолда, кинояли саволни давом эттирди: «Вилоятда уй-жой қурилишига ажратилган қандай цемент фондлари мавжуд?!». Меҳмон бундай шижоат олдида бутунлай эсанкираб қолди.

Ислом Абдуғаниевич бир оз тин олгач, сўзини давом эттирди: «Агар Сиз Толимаржон ГРЭСи қурилиши жадаллашишига кўмак бермоқчи бўлсангиз, йўқ жойда мавжуд бўлмаган цемент фондларини излаш керак эмас. Биз ахир Сизнинг вилоятга ташрифингизни айнан аниқ амалий ёрдам беришга интилиш деб қабул қиламиз». Ислом Абдуғаниевич ўз нигоҳини А.С.Икрамовга қаратар экан, «Республикани ким ўйлайди?!», – деди.

1988 йилнинг кузи эди. Қашқадарё область партия қўмитасининг пленуми ўтказилиши арафасида Қаршига Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг биринчи ўринбосари В.И.Огарок Ўзбекистон Компартияси Марказқўми бюросининг аъзоси сифатида келди. Ўша вақтларда марказдан келган раҳбарларнинг обком пленумида иштирок этиши ва вилоят муаммоларини «юқоридан туриб қарашларини» акс эттирувчи нутқ сўзлаши амалиёти мавжуд эди.

Ислом Абдуғаниевич В.И.Огарокнинг маъруза матнида обкомнинг ҳисоботида келтирилган амалий маълумотлардан жиддий фарқланувчи иқтисодий кўрсаткичлар берилган эди.

Ислом Абдуғаниевич Валентин Иванович Огарокдан (Москвадан юборилган «десантчи»лардан бири эди) вилоят фаоллари орасида тақдим этилаётган рақамлар юзасидан тушунмовчиликлар юзага келмаслиги учун маълумотларни қайта солиштиришни сўради. Валентин Иванович маъруза матнидаги маъумотларни кўрсатишдан бош тортди. Шунда Ислом Абдуғаниевич В.И.Огарокнинг галстуги боғламидан тортти-да ва ғазаб билан сўради: «Нима, Марказқўм ва обкомни бири-бирига қарама-қарши қўймоқчимисан? Овора бўласан, бунга йўл қўймайман!!!». Бундай журъатли ҳаракат ва қатъиятдан В.И.Огарокнинг ранги бўздек оқариб кетди ва беихтиёр ўз маърузаси матнини берди. Кейинчалик маъруза матнидаги айрим рақамларга мавжуд ҳақиқий вазиятни акс эттирувчи зарур тузатишлар киритилди.

Ислом Абдуғаниевич ўз позициясида муросасиз мустаҳкам тура олар, мамлакат манфаатларини қатъий ва ишонарли ҳимоя қилар ҳамда салмоқли, ва ҳаттоки,ноанъанавий далилларни келтира олар эди. Эртаси куни В.И.Огарок ўз маърузаси давомида «Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!» дея уни етти марта эсга олди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов ўша вақтлардаёқ ана шундай метин иродали ва шижоатли шахс бўлган эди.