ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“ЖАДИДЛАР. ТУРКИСТОНДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ТАҚДИРИ”


05.02.2025

Пойтахтимизда Каримов Фонди томонидан суратга олинган “Жадидлар. Туркистондаги ислоҳотларнинг тақдири” номли кўп қисмли ҳужжатли фильмнинг якуний 3-қисми премьераси бўлиб ўтди. Фильмнинг “Мағлубият” деб номланган сўнгги қисми тақдимоти Ўзбекистон давлат мустақиллиги асосчиси Ислом Каримов таваллудининг 87 йиллигига бағишланди.

Биринчи Президентнинг қизи Лола Тиллаева ташаббуси билан суратга олинган фильм Ватанимиз халқининг озодлик ва мустақиллик учун кураши тарихида алоҳида ўрин тутган жадидчилик ҳаракати вакилларининг шарафли ва мураккаб ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

“Мағлубият” номли якуний қисмда – жадидлар сафидаги бўлинишлар, уларга нисбатан тазйиқлар, қатағонлар ҳақида сўз боради. Аслида сиёсий партиялар ташкил этилиши, газеталар нашр қилиниши, театр очилиши, янги адабиётлар пайдо бўлиши – улар эришган ютуқларнинг кичик бир қисми, холос. Бироқ минг таассуфки, аллома боболаримиздаги сиёсий кураш тажрибасининг етишмагани барча орзуларни амалда татбиқ қилишга имкон бермади. Мақсадга эришиш усуллари борасидаги келишмовчиликлар эса – жадидлар сафининг бўлиниб кетишига сабаб бўлди. Аммо бир ҳақиқат аён: уларнинг ҳеч бири бошга не балолар келса-да, имонини йўқотмади, ҳаётий эътиқодларидан воз кечмади. Фильмнинг якунловчи қисми шу ҳақда.

Минҳожиддин Мирзо – Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари:

“Жадидлар “ўт билан ўйнашаётганларини”, уларни қандай тақдир, қандай аянчли қисмат кутиб турганлигини ҳам биларди. Лекин энг буюк журъат, энг буюк жасорат, энг буюк фидоийлик шунда эдики, улар билиб туриб, ўзларини шу ишга чоғладилар, бағишладилар”.

Гулчеҳра Умарова – “Жадид” газетасининг адабиёт ва санъат бўлими мудири:

“Жадидларимизни хотирлаш йўлида қўйилган ҳар бир қадам, умуман, бугунги амалга ошираётган ишларимиз – келажакка қўйилган қадам, деб ўйлайман. Келажак авлод бугунги ишларимиздан ўрнак олади. Бугун биз ўтмишимизга қандай муносабатда бўлсак, фарзандларимиз ҳам худди шундай йўл тутади”.

Биринчи Президент Ислом Каримов кўп жиҳатдан жадидчилик ҳаракати қарашлари ва ғояларига таянган ҳолда, Ўзбекистоннинг миллий истиқлол мафкурасини ишлаб чиққан, истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ халқнинг миллий онгини, унинг маънавий, тарихий ва маданий меросини тиклаш стратегиясини давлат сиёсати даражасига кўтарган эди.

Ушбу фильм ҳам жадидлар номи ва ижоди Ўзбекистон ёшлари онгига мустаҳкам кириб бориши баробарида, буюк боболардан фахр-ифтихор туйғусини уйғотиб, аждодларга муносиб авлод бўлиши йўлидаги ўзига хос восита вазифасини уйғотишига катта умид бор.

Фарҳод Қурбонбоев ва Али Аллаев фотосуратлари