ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ЮРТДОШЛАРИМИЗ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТНИ ХОТИРЛАШМОҚДА


31.01.2025

Куни кеча пойтахтда бўлиб ўтган расмий хотира маросимлари якунига етгач, Оқсарой қароргоҳи олдида қад ростлаган Ислом Каримов ҳайкали ёнига келган юртдошларимизнинг саноғи йўқ эди. Улар – ўзлари эъзозлаган, яхши кўрган, бугунги муаззам ва хотиржам кунлар сабабчиси бўлган улуғ инсон хотирасини ёд олиш учун, ўз ихтиёрлари билан келган юртдошларимиз.

Йиллар, асрлар ўтар, авлодлар алмашар. Бироқ халқимиз, эл-улус мустақиллик асосчиси, Биринчи Президентнинг фавқулодда жасоратга тўлиқ ҳаёти ва фаолиятини, мамлакат тараққиёти йўлидаги тарихий хизматларини, эл-юртга беқиёс муҳаббатини, бугун энди васиятга айланган сўзларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ҳам, эртага ҳам унинг суратига, ҳайкалларига – самимий боқиб турган сиймосига, ўткир нигоҳига соғинч билан қайта-қайта тикилишади. У одамларга ҳамон меҳр билан қараб турганини ҳис этамиз.

Ўйлаб кўрайлик. Ислом Каримов бор ҳаётини, онгли умрини тикиб, ўзидан қолдирган озод ва обод Ватаннинг пировард мақсади нима эди? Ким учун эди? Жавоб оддий – ёш авлод учун, Биринчи Президент ҳар доим фахр ва ғурур билан “Менинг болаларим!” деб айтган – эртамиз эгалари учун. Қарангки, кеча ва бугун Ислом Каримовни хотирлаб келган ўнлаб, юзлаб одамлар орасидаги аксарият кўпчиликнинг ёшлар экани – кўнгилга айрича таскин беради.

Мажмуага келган ёшлар хотирлаш баробарида “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмаси ҳамда Биринчи Президент номи билан аталувчи кутубхона билан танишиб, Ватанимизнинг энг янги тарихи, Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги янги таасуротларга ошно бўлишди.

Хотирлаб келувчиларнинг ташрифи давом этмоқда.

Т.Қурбонбоев фотосуратлари