30 январь тонг саҳардан бошлаб пойтахтимиздаги сўлим гўша Оқсарой қароргоҳи одамлар билан гавжум. Биринчи Президент Ислом Каримов ҳайкали пойи гулларга бурканган.
Бир қатор идора ва ташкилотлар вакиллари, пойтахт аҳолиси ҳамда хорижий меҳмонлар, узоқ-яқиндан ташриф буюрган ҳамюртларимиз давримизнинг буюк шахси, Ўзбекистон Мустақиллигининг асосчиси Ислом Каримов ҳайкали пойига гул ва гулчамбарлар қўйиб унинг хотирасини ҳурмат ила ёдга олдилар. Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов Республика хайрия жамоат фонди, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси, Ислом Каримовнинг яқин дўстлари, қадрдонлари номидан қўйилган гулчамбарлар ҳайкал пойида пайдо бўлган ажабтовур гулзорни безаб турибди.
“Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасида Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Акбаровнани учратган ҳамюртларимизнинг қувончлари чексиз. Самимий мулоқотлар, эзгу тилаклар, миннатдорлик сўзлари, ёрқин хотираларга бой, соғинчга тўла хотиралар...
30 январь куни бу ерда бўлиб ўтган учрашувларни қамраб олишнинг имкони бўлганида эди, бутун бошли бир альбом суратларга тўларди.
Биринчи Президентимиз тарих ва хотира тўғрисида кўп гапирарди. Бу қадриятларни улуғлаб, асраб-авайлаганлар иймонли, эътиқодли инсонлар. Уларни ҳеч ким, ҳеч қачон тўғри йўлдан адаштира олмайди, дерди.
Ватанни севмоқ иймондандир,-деган инсоннинг хотираси ҳурматда, эъзозда бугун. Аждодлар хотирасини улуғлаган инсоннинг номи улуғланмоқда бугун.
Мулоҳазаларимиз сўнггида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси совриндори Феруза Азимованинг Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишлаб ёзган шеъридан парча.
Одил подшо – халқи учун бир неъмат,
Ундан мерос эзгу ишу фазилат.
Умр қисқа, ҳар бир они ғанимат,
Қисмат ғолиб, инсон ожиз бўлади,
Юртбошимиз қалбда мангу қолади.
Бисотимда сара сўзлар излайман,
Яратганга ҳасрат билан бўзлайман,
Пок руҳига жаннатларни кўзлайман,
Бутун борлиқ тиловатлар қилади,
Юртбошимиз қалбда мангу қолади.