ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Екатеринбург шаҳридаги Ельцин Марказига ташриф


13.12.2018

Шу кунларда пойтахтимиздаги «Оқсарой» қароргоҳида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг музейини ташкил этишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Давлат раҳбарлари номи билан боғлиқ музейлар, марказ ва мажмуаларнинг асосий миссияси буюк шахснинг ва у яшаган даврнинг тарихий меросини сақлаш ва асраб авайлашдир.

Ушбу мерос ҳужжатлар, фотосуратлар архиви, артефактлар йиғиндиси бўлибгина қолмасдан, балки ўтган вақт, ўтган даврнинг руҳини ўзида мужассам этган беназир бойликдир.

Табиийки бу маънавий бойлик янги-янги маълумотлар, фактлар, экспонатлар билан бойитиб борилади, демакки музейларнинг фаолияти давомий ва доимий иш жараёни бўлиб, мазкур соҳада ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашиш самарали натижа бериши ўз-ўзидан аён.

Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси дунёдаги машҳур, мазмун-моҳияти, тарихий аҳамияти ва сиёсий мақоми нуқтаи-назаридан серқирра, бой ва бетакрор мажмуалар, марказлар, музейлар билан яқин алоқаларни йўлга қўймоқда.

Улар қаторидан ўрин эгаллаган Ельцин Маркази Екатеринбургда, Россиянинг биринчи президенти сиёсий етакчи сифатида шаклланган шаҳарда жойлашган.

 

Марказ ўз кўлами ва маҳобати, моддий ва маънавий имкониятлари жиҳатидан ноёб мажмуа бўлиб, маданий, тарихий, ижтимоий ва таълим соҳасидаги турли лойиҳаларни қамраб олган.

Марказнинг таянч нуқтаси – Борис Ельцин Музейидир. Музей экспозицияси кимгадир ниманидир уқтириш, исботлашдан холи бўлган, барчани мулоқотга чорловчи, холис фактлар ва тарихий ашёлар тўпламидан иборатдир.

 

Хизмат сафари билан Екатеринбургга ташриф буюрган, Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси ходимлари музей директори Дина Сорокина билан учрашдилар, Ельцин Марказининг бўлим раҳбарлари, мутахассислар билан мулоқотда бўлдилар.

Музей фондлари сақланадиган қаватлардаги шароитлар, хавфсизлик хизмати, ёнғинга қарши тизимларининг техник имкониятлари билан яқиндан танишдилар.

 

Экспозицияларнинг классификацияси ва жойлашуви, видеоконтентлар, видеопанелларни тайёрлаш, кутубхона иши ҳусусида атрофлича маълумотга эга бўлдилар.

Учрашувлар давомида ҳамкорликдан иккала томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги тасдиқланди. Зеро, мамлакат тарихига чуқур ҳурмат билан қараш, ўз юрти ва халқига содиқлик, фидойилик билан хизмат қилган Давлат раҳбарлари, буюк шахсларнинг хотирасини асраб авайлаш, ўзини ватанпарвар деб билганлар учун ҳам қарз ҳам фарздир.

 

Дина Сорокина видеомурожаат орқали қимматли совғалар - «Ислом Каримов – Мустақил Ўзбекистон асосчиси» хотира китоби, «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмаси каталоги ҳамда «Мерос ва замон» журнали учун Татьяна Каримовага чуқур миннатдорлик билдирди ва ўз навбатида шахсан Татьяна Акбаровнага туҳфа сифатида Борис Ельцинга бағишлаб нашр этилган янги китобларни юбораётганидан мамнунлигини айтди.

 

«Ҳамкорлигимиз йўлга қўйилганидан беҳад хурсандман, Ельцин Марказига Сизни лутфан таклиф этамиз» - дея сўзини якунлади Ельцин Музейи директори. (Видео)

 

Фарход Курбонбоев олган суратлар