ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ЯХШИ НИЯТ – ЯРИМ ДАВЛАТ


27.12.2024

Бу дунёда инсон зоти борки, умид билан яшайди. Яхшиликка, ёруғликка интилиб, орзу-армонларини эртанги кунга боғлаб, ишонч билан яшайди. Янги йил эса – янги кун, янги орзулар, янги режалар билан боғлиқ сана.

Бугунги шиддатли ўзгаришлар даврида, курраи заминимизнинг баъзи ҳудудларида беқарорликлар, қарама-қаршиликлар авжига чиққан бир пайтда юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадр-қимматини янада чуқурроқ ҳис этаётганимиз ўз-ўзидан аён.

Биринчи Президент Ислом Каримов “Ўзбек халқига тинчлик, омонлик керак. Ўзбекистон барча давлатлар билан фақат тенг хуқуқли муносабатлар тарафдори. Бирор бир мамлакатнинг ички ишларига аралашмаслик – ташқи сиёсатимизнинг бош мезони бўлиб қолади”, дея мудом таъкидлаб келган. Ислом Абдуғаниевич бир умр Ватани ва халқига хизмат қилишни олий саодат деб билган. У инсон табиатга ошно бўлиб яшаган. Бошқа фаслларнинг бетакрор гўзалликлари, фусункорлиги қатори қишнинг ажабтовур манзарасини ҳам хуш кўрган. Янги йилни ҳамма қатори, оила даврасида нишонларди. Лекин яна бир ҳақиқат аёнки, кўпмиллатли бутун Ўзбекистон аҳли у киши учун ҳамиша энг қадри баланд оила бўлиб келган.

Барчамизнинг янги – 2025 йилдан умидимиз катта. Умид ва эртанги кунга ишонч, собитқадам ва доно халқимизнинг доимий ҳамроҳи бўлиб келган. Демак, яхши ният – ярим давлат деганларидек, энг ёруғ орзулар билан олдинга қараб одимлайверамиз.

Тилагимиз шуки, бир-биримизга фақат ва фақат яхшилик улашиб яшайлик. Саховатпеша бўлайлик. Фарзандларимизга – чиройли хулқимиз, бағрикенглигимиз, ҳалол меҳнатимиз, соф виждонимиз, пок амалларимиз билан ибрат бўлайлик! “Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир”. Юртимиз обод, ҳаётимиз фаровон, дастурхонимиз тўкин, кўнглимиз хотиржам бўлсин.

Янги йил – Янги Ўзбекистон халқи учун қутлуғ ва хайрли келсин!