ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ЯРИМ АСРЛИК ЕЛКАДОШ


26.08.2026

Кўҳна донишлардан қолган қадим нақлни яхши биласиз: агар сайёра узра биргина гўдак қолса, демак, келажак бор ер юзида. Ер юзида агар биргина аёл қолса ҳам, демак, ҳаёт бор, меҳр-муҳаббат бор. Яратганнинг мўъжизаси саналмиш аёл қалби энг муаззам туйғуларга бешикдир. Унинг чеҳрасида нафосат, ёруғ оламга зеб бериб турган назокат зоҳир. Вужудида инсоният келажагини улғайтирадиган бу тилсимот – фидойилик, садоқат тимсоли. У – миллатнинг буюк тарбиячиси, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг ўзаги.

Бугун таваллуд кунини нишонлаётган аёл шунчаки аёл, шунчаки она эмас. У – миллат йўлбошчиси, бутун бир бошли мустақил давлат асосчиси, Биринчи Президентга ярим асрдан зиёд елкадошлик қилган, бир умр эри заҳмат чекса, қўшилиб уқубат тортган, у қувонса, шодланиб, умр бўйи – ўша-ўша одми, ўша содда-сипо, ўша – бир қарашда мунислигу маъсумлик уфуриб турган рухсоридаги йиллар ўз муҳрини қолдирган изларга қарамай, тажриба-ю нуктадонликни, боз устига буюк бир меҳрни жам қила олган нурли жамол эгаси. Бугун ўша АЁЛ – Татьяна Акбаровна Каримова таваллуд топган сана.

Туғилган гўшасига нисбат берсак, Фарғона юртининг қизи, Самарқанд элининг келини, бир замонлар миллионлаб мардум уни – мамлакатнинг биринчи хонимини ардоқлаб “келинойи” демоққа орзуманд бўлган, биргина илтифоти, лутфи-ю меҳри учун неларни қурбон қилмоққа тайёр бўлмаган дерсиз. Бугун ўшал нашъу намолару жонфидоликларнинг ҳовури, чўғи бироз пасайган эрса-да, опамиз ҳамон ўша-ўша – бир замонлар чеҳрасида балқиб турган самимиятни-ю меҳрни, нуктадонлик қоришиқ синиқ табассумни ҳамон аритмай, кулибгина тураверади. Аммо у – Каримовалигича қола билди. Шул боис унинг бу рўйи заминдаги энг буюк миссияси – Ислом Каримовдек қатъиятли, ўжар, меҳри-ю қаҳрини жам қилиб келса, нақ арслонлар ип эшолмайдиган одамга, том маънода миллат етакчисига бир умрлик рафиқа, йўлдош бўлишнинг уддасидан чиққан, бугун ўшал буюк сиймонинг хотираси, ёди, номи билан яшаб келмоқни зўр бир шараф билан уддалаб келаётганидир.

Ортиқча ҳашамсиз, аммо дид ила кийиниб, сочлари содда турмакланган, кўзлари мудом кулиб, юзидан файз ёғилиб турадиган бу мўътабар аёлни одамлар – Биринчи Президентнинг хорижий сафарлари давомида, юртимизга чет эллик олий мартабали меҳмонлар ташриф буюрган пайтларда, унда ҳам аксар телевидение орқали кўришган, танишади.

Бугун уни – ёр-биродарлари, яқинлари ва оила аъзолари муборакбод этишди, дил изҳорлари янгради. Айтишадики, ҳар қандай хонадонга киришинг билан у гўшадаги ҳарорат, тафт – аёлнинг меҳри, уқуви, қалби билан ҳамоҳанг бўларкан. Татьяна Акбаровнанинг хонадонига киришинг билан, жаннатий насимларни, ҳаловатни, покизаликни туйиб, барча ташвишлардан фориғ бўлишинг ҳам – хонадон бекасининг пок кўнглидан, самимиятидан далолат. Не тонгки, унинг бугун галги рўзи таваллуди улуғ байрам – Ўзбекистон мустақиллигининг қутлуғ 35 йиллигига тўғри келди. Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев Фармони билан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонининг мажмуа раҳбари Темур Ширинов томонидан тақдим этилиши – қаҳрамонимизнинг бир шодлигига юз шодлик қўшди...

...Яшириб нима қилдик, шу ерда ишлаб, ўзимиз ҳам гувоҳмиз-ку – одамлар бугун ҳам уни яхши кўришади, унга талпинишади, суҳбатига интилишади. Бу эса бу муҳташам аёлнинг садоқатни муқаддас билиб, уни ҳаётий мезонига айлантира олгани учун, эрининг хотирасини муқаддас санаб, ҳаётлигида шуурига маҳкам муҳрлаган маслакларини кўксида тумор қилиб асраб юргани учун ва ниҳоят, шунчаки она бўлиб, аёл бўлиб қола билгани учун!.. Ўйлайсанки, шоир ҳам мана бу мисраларни бежиз битмаган экан:

Аёлга бахт беринг, саодат беринг,

Деманг, юрибди-ку кулиб жилмайиб.

Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,

Дунёни олиши мумкин жилмайиб.

 

Аёлга бахт беринг, саодат беринг,

Гар кўзлари кулиб турса-да,

Бўғзининг остида неча минг ҳасрат,

Ой юзлари кулиб турса-да,

 

Кўнглини кўтaринг ҳеч бўлмаганда,

Қўлини силашга шарофат топинг.

Йиғлаб турганида ҳеч бўлмаганда,

Ёшини артишга мурувват топинг.

 

Иллоҳи қалқонсиз, иллоҳ кўрғонсиз,

Ғийбатлар йиртмасин кўйлаккинасин,

Иллоҳи ҳушёрсиз, иллоҳ бедорсиз.

Итлар тишламасин юраккинасин.

 

Аёлга бахт беринг, саодат беринг.

Тоғ қимирлаб, тошлар сўзга кирса-да,

Аёлга бахт беринг, саодат беринг.

Олтмишга кирса-да, юзга кирса-да

Таваллуд кунингиз муборак бўлсин, қадрли Татьяна Акбаровна!

Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси жамоаси