ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ЯГОНА МЕЗОН – ХОЛИСЛИК


27.06.2025

Дунё алғов-далғов, деймиз. Лекин мундоқ ўйлаб қарасак, бу кўҳна олам қачон бир эпақага келиб, расамади билан яшаган: тарих – тарих бўлибдики, у ёки бу салтанатдаги мардумнинг боши “урҳо-ур”, “сурҳо-сур”дан чиққани йўқ. Бугун энди замонавий забонга ағдариб, турфа “-изм”ларга бўлиб чиқадиганимиз – қадим тамаддуннинг бирор минг, ҳатто юз йиллиги йўқки, одам зотининг иштиёқи, завқи, қизиқиши, нафси ўзгарган бўлса: ўша-ўша манфаат, ўша-ўша ҳашаматга тийиқсиз ўчлик, ўша-ўша ҳою ҳаваслар.
Лекин ҳар қандай замон, ҳар қандай макон, исталган давр одамларининг битта эҳтиёжи ўзгаришсиз қолган. Уям бўлса – ахборот ва унга эга бўлиш, бошқача айтганда, огоҳ бўлиб туриш истаги. Кўчама-кўча от миниб, бақириб юрилган жарчи замонида дейсизми, илк бор газета пайдо бўлган даврдами ва ёхуд юзлаб одам михлангандек карнайга қулоқ тутган – радио замонидан бошлаб, бугун техника воситаси деганлари қаҳат бўлмай қолган интернет замонидами, қай асрда бўлишидан қатъий назар, инсон зоти – ахборотга, атроф-жавонибида содир бўлаётган воқеалар ҳақидаги хабарга ташна келган. Овқат емаса, емасин, маишат қилмаса, қилмасин, лекин бехабар қолмаслиги керак.
Навоий ҳазратлари ҳам барча макону замонларнинг бу ўзгармас қоидасини ғазалга тизиб, бежизга: “Эрурсан шоҳ, агар огоҳсан сен, Агар огоҳсан сен, шоҳ сан сен” демаган. Омманинг бу эҳтиёжини ўз манфаати йўлида ишлатиб, турфа “мағзава”ларни қулоққа, онгга қуйган мустабидлар-у, “Дунёни ахборот бошқаради” деган таълимотни асос қилиб олиб, олам афкор оммасини бармоғида ўйнатишга ишқибоз корчалонларнинг йўриғи бўлак...
Ана энди бу ахборот деганини оммага ким етказади, унинг мезони-ю, ўлчови қандай бўлмоғи керак, деган саволлар ҳам табиий. Улар – бир сўз билан ифода қилиниши керак бўлса – журналистлар, мезоннинг номи эса – холислик. Бошқа ҳар қандай таъриф ортиқча.
Чин журналист – инсон ва жамият хаёти ҳақиқатларини аниқлашга, унинг асрорларини ўрганишга, пировардида, жамият тараққиётини таъминлашга ҳаракат қилади, шунга хизмат қилади. Ҳар қандай ахборотнинг ҳаққонийлиги, холислиги мезонлари эса шу қадар мураккабки, у ёқ-бу ёғи йўқ. Бу бамисли қил устида юрмоқдек гап. Лекин юришга мажбурсан, шунга маҳкумсан.
Хўш, журналист ким? Бир ҳамкасбимиз айтганидек, дунёни сув босса-да, бир кишилик қайиқда ўтириб мақола ёзадиган, ўрмонга ўт кетса ҳам, яқинига бориб, сувратга олишга интиладиган, ҳаммани инига қамаган юқумли ўлат тарқалсаям, битта ниқобни тақволиб, материал тайёрлаш учун хасталар ётган шифохонага таваккал кириб кетадиган, уруш бўлса, каска кийиб отишма жойидан репортаж тайёрлайдиган одам у. Фидойи дейишнинг ўзи камлик қилади унга нисбатан...
Ана энди ўзимизга бир савол берайлик: шундай одамлар, шундай ноёб касб эгалари – ўша ўзи жонини хатарга қўйиб, огоҳ этган, хабардор қилган жамият вакиллари томонидан йилда бир боргина эъзозланишга, эътироф этилишга арзимабдими? Сийқаси чиққан, демасангиз, бир таърифни ишлатамизки, чин ватанпарвар дегани шулар эмасми асли. Ахир шулар эмасми – бир оғиз эътироф, бир оғиз лутфу ширин сўзга – дунёларни ўнгариб келишга тайёр одамлар...

Буни, бу ҳақиқатни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мустақилликнинг илк йиллариданоқ англаб етган эди. Англаш баробарида ҳаракатини ҳам шунга мослаган эдики, 1993 йил 24 июнь куни “Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Фармонни қабул қилиб, журналист халқини йилнинг бир кунида расман байрам қилишига имкон берди. Кейинроқ, 1996 йил 26 апрелда Ислом Каримов ташаббуси ва унинг ўзи имзо чеккан Қонун билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони таъсис этилиб, ўнлаб қалам аҳли, соҳанинг тажрибали вакиллари қаторида, ёш, шижоатли, қатъий сўзи ва йўлига эга ижодкорлар шундай давлат мукофотига сазовор бўлишди. 1997 йил “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, 2007 йил “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун ҳамда қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Ўша йили фаол ва фидойи журналистларни рағбатлантириш мақсадида “Олтин қалам” миллий мукофоти таъсис этилди.

Давлат ва ҳукумат даражасидаги эътибор бугунги янги Ўзбекистон шароитида ҳам янги ва замонавий кўринишларда бирдек амалий намоён бўлиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда. Бу эса мазкур йўналишда айнан сизлардек жасур ва довюрак, Ватанни чин дилдан севадиган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонлар тобора кўпроқ бўлишини тақозо этмоқда”.

Шу ўринда бугунги байрам санаси учун асос қилиб олинган воқелик, яъни 1906 йил 27 июнь куни чоп этилган Туркистон ўлкасидаги илк миллий ўзбек матбуоти – “Тараққий” газетасининг шиорини эслаб ўтмоқчи эдик: “Нажот: маслакда сабот, тўғриликда ижобат”. Маслагимизда собит турсак, ниятлар ижобатини – тўғриликдан, холисликдан қидирсак, ҳаммаси яхши бўлади.
Байрам муборак!

Комилжон ШАМСИДДИНОВ,
журналист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби
 
Фотосуратлар муаллифи – Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист