ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ХОТИРА ВА ЭҲТИРОМ


14.10.2025

Мустақилликнинг илк йиллариданоқ мамлакат мудофаасини кучайтириш масаласи давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинган Ўзбекистонда – Биринчи Президент Ислом Каримов томонидан 1991 йил 6 сентябрдаёқ Мудофаа ишлари вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги Фармон имзоланиб, “Халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини сақлаш энг устувор вазифамиз бўлиб қолади” деган тамойил илгари сурилган эди. Шундай экан, бугун бу мислсиз улуғвор қадам мамлакат қалқонлари бўлмиш ҳарбийлар томонидан ҳам, уларга муносиб ворис бўлиб етишиб келаётган ёш Ватан ҳимоячилари томонидан ҳам эҳтиром билан ёдга олинади.

Куни кеча мажмуага ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси профессор-ўқитувчилари ва курсантлари томонидан ҳам бу ҳақиқат яна бир бор эътироф этилди. Биринчи Президентнинг ҳаёти ва фаолиятига дахлдор турли санъат асарлари – картиналар, портретлар, фотолар ва ҳайкалтарошлик намуналари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Худди шундай ҳайрат ва қизиқишни “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасини кўздан кечирган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Марказий госпитали ходимларининг юз-кўзларига қараб ҳам илғаш мумкин эди. Улар вазирлик раҳбарияти томонидан тасдиқланган – ички ишлар органлари ходимларининг 2025 йил давомида ташриф буюришлари лозим бўлган “Маънавият маршрути” лойиҳаси доирасида мажмуа меҳмони бўлишди.

Ф.Қурбонбоев ва Т.Қурбонбоев фотосуратлари