ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ХОТИРА – АБАДИЙ, ҚАДР – МУҚАДДАС


14.09.2026

Маълумки, Ислом Каримов вафот этган сана – 2 сентябрь ҳар йили Биринчи Президент Хотира куни сифатида ёд этилиб, мамлакат миқёсида, жумладан, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида турли тадбирлар ва маросимлар ташкил этилади. Бу йилги тадбирлар Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг қутлуғ 35 йиллиги байрами билан уйғунлашиб кетди.

Ислом Каримов хонадонида, унинг руҳи покига атаб қилинган дуои фотиҳалар билан бошланган тадбирлар ёдгорлик мажмуасидаги – мустақиллик куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирига уланиб кетди. Тадбирда чиқиш қилган мажмуа Васийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова 35 йил олдинги ўша ҳаяжонли, мушкулот ва шарафларга тўла йилларни хотирлади. Шу куни мажмуа ходимларидан бир гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фармони билан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони топширилди.

2 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Ислом Каримовнинг мамлакатимиз мустақиллиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлидаги хизматлари ёдга олинди. Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар вакиллари, зиёлилар ва Тошкент шаҳри жамоатчилиги ҳам Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Шу куни хотира тадбирлари Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди. Қолаверса, Россия пойтахти Москва шаҳридаги Ислом Каримов номидаги майдонга Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва Миграция агентлиги ваколатхонаси ходимлари, шунингдек, элчихонада амалиёт ўтаётган талабалар Биринчи Президент ҳайкали пойига гуллар қўйиб, унинг хотирасини ёд этдилар.

Бевосита ёдгорлик мажмуасининг ўзида ҳам хотира маросими ташкил этилиб, жамоанинг ишчи ва хизматчилари Оқсарой қароргоҳидаги Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди.

“Хотира ҳафталиги” тадбирлари арафасида эса мажмуа томонидан нашр этиладиган “Мерос ва ҳозирги замон” (“Наследие и современность”, “Heritage and modernity”) ахборот бюллетенининг янги – Истиқлолимизнинг ўттиз беш йиллигига бағишланган сони босмадан чиқди. Унда одатдагидек, Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги эсдаликлар, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича илмий тадқиқотлар ва табиийки, мажмуа томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли фаолият тўғрисидаги ахборотлар ўрин олган.

Ва ниҳоят, хотира тадбирларининг мантиқий якуни сифатида, унинг режасидан ўрин олган яна бир воқелик ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқ керак. 18 сентябрь куни Фарғона шаҳрида “Ислом Каримов ўқишлари. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон маданияти: тарихий мерос ва маданий юксалиш” деб номланган Республика илмий анжумани ўтказилади. Унда пойтахт ҳамда мамлакатимизнинг турли вилоятларидаги фан ва олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган олимлар, шунингдек, давлат ва жамоат арбоблари, Ислом Каримовни яқиндан билган сафдошлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Тадбир тафсилотлари тўғрисида алоҳида хабар берамиз.