Солноманавислар ҳар бир асрнинг одамзот учун алоҳида ўрни, ўзидан олдингисини такрорламайдиган аҳамияти борлигини кўп таъкидлаган: қадим Чин-Мочинликларнинг қоғозни кашф этишидан бошланган маданият олмониялик муҳандис Гуттенбергнинг босма дастгоҳ яратгунига қадар, тараққиёт деганимиз минг бор такомиллашиб, замонлар чиғириғида эланди. Ва ниҳоят, биз нафас олаётган давр – ХХI аср , бугун “ахборот” сўзи билан ёнма-ён ишлатилмоқда.
Шитоб билан ривожланиб бораётган техника ва технологиялар тизими инсон тафаккурининг сарҳад билмас экани ҳосиласида, замонавий дунёда ахборот ҳақиқий кучга, жамиятни, иқтисодиётни ва сиёсатни бошқарувчи асосий омилга айланди. Ахборот асри бу. Бундан минг йил аввалги уруш кайфиятида юрган ҳукмдорлар зирҳланган суворийлари, камону ўқ-ёйи, кўзи қонга тўлган жангари филлари билан рақибини саросимага солганини биламиз. Яқин-яқингача эса давлатлар бир-бирига дўқ урганда, қуролли кучларини, ҳарбий салоҳиятини кўз-кўз қилиб, огоҳлантириб қўйишарди. Бугунги курашларда қурол дегани ўзгариб, ахборот – асосий кураш воситасига айланди.
Ўша ахборотни, бугун дунёдаги қуроллардан-да кучлироқ мисли кўрилмаган қуролни тарқатувчилар, оммага етказувчилар эса, аввало, матбуот вакиллари, журналистлар бўлишади.
Шу ўринда битта аён ҳақиқатни ҳам алоҳида таъкидламоқ ўринли бўларки, ахборот урушлари аро бирламчи мезон бўлмоғи тайин бўлган – миллий манфаатни ҳам айнан – шу эл, шу юрт, шу миллат тақдири учун куйинган том маънодаги миллий журналистика ҳимоя қила олади. Бизнинг ҳолатимизда эса – ўзбек миллий журналистикаси. Жадид бобомиз Ҳожи Муин таъбири билан айтганда, “Матбуот тарихи – Уйғониш даври тарихининг бир бўлаги” ўлароқ, ўтган аср бошидан бугунгача атак-чечак қилиб ривожланиб келаётган миллий журналистикамиз айниқса, мустақиллик йилларида айрича эътиборга тушди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Биринчи Президент Ислом Каримовнинг 1993 йил 24 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Фармонига асосан, Туркистон ўлкасидаги илк миллий ўзбек матбуоти – “Тараққий” газетаси илк бор чоп этилган 27 июнь санаси байрам қилиб келинмоқда. 1996 йил 26 апрелда Ислом Каримов ташаббуси ва унинг ўзи имзо чеккан Қонун билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони таъсис этилди, 1997 йил 24 апрелда “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, 2007 йил январда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳамда қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Ўша йили фаол ва фидойи журналистларни рағбатлантириш мақсадида “Олтин қалам” миллий мукофоти таъсис этилди.
Тан олайлик, эътибор ҳам, рағбат ҳам, ижодий ҳосила ҳам ўз даврига хос-у мос бўлди. Биринчи Президентнинг ўзи ҳам журналистларни ғоят қадрлар, улар билан тез-тез мулоқот қилиб, фикрларига қулоқ тутар, лозим бўлганда, ғамхўрликни ҳам ўрнига қўяр эди. У журналистикани – халқ билан мулоқотга киришадиган қудратли соҳа сифатида қадрларди. Миллий ва хорижий ОАВ вакиллари билан тез-тез учрашиб, воқеаларни холислик билан ёритиш, мафкуравий кураш авж олган паллаларда аҳолини, айниқса, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш борасида журналистлар олдида турган вазифалар ҳусусида қарашларини баён қиларди. Қалам аҳлининг касб байрамида эса, “Эл-юрт манфаати, адолат ва эзгулик йўлида ҳамиша ўзини аямасдан меҳнат қиладиган сиз, азиз журналистларни мен доимо қўллаб-қувватлашга, ҳар томонлама ёрдам ва кўмак беришга тайёр эканимни, сизларни ўзимнинг энг яқин ҳамфикр ва маслакдошларим деб биламан”, дея алоҳида табрик йўллашни канда қилмасди.
![]() |
![]() |
Миллий журналистиканинг мамлакат тараққиёти йўлидаги аҳамияти, ўрни ва нуфузи бугунги кунда ҳам ортса, ортдики, сира пасайгани йўқ. Аксинча, бугунги берилган эркинлик ҳуқуқи – оммавий ахборот ахборот воситалари олдида ҳам, замоннинг маҳсули бўлган блогерлик фаолияти билан шуғулланаётганлар олдига ҳам имконият бараварида, масъулият ҳиссини каррасига оширмоқда. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Сунъий интеллект технологияларининг шиддат билан ривожланаётгани журналистика учун катта имкониятлар очиш билан бирга, бу борадаги ишларимизни замон талабларига мос ҳолда йўлга қўйишни талаб этмоқда. Айни вақтда оммавий ахборот воситаларида холислик ва қонун устуворлигини таъминлаш, профессионал билим ва маҳоратни ошириб бориш, ахборот тарқатишнинг замонавий усулларини ўзлаштириш, аҳоли ўртасида ахборот, баҳс ва мулоқот маданиятини шакллаштириш, жамиятимиздаги турли иллатлар, коррупция балосига қарши курашиш каби долзарб вазифалар бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарур”.
Хуллас, замон нечоғли мураккаб ва нотинч бўла бормасин, тарихлар қай бир ўзанга эврилмасин, шундоғам нони қаттиқ бўлган журналистиканинг, чин, асл журналистиканинг бош мезони бос-боягидек – холислик ва қонун устуворлиги бўлиб қолаверади.
Байрамингиз муборак бўлсин, қадрли ҳамкасблар!
Ф.Қурбонбоев олган фотосуратлар





