“Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг ўлмас ғоялари,
фикр, кўрсатмалари бизнинг қалбимиз ва онгимизга шундай чуқур сингиб кетганки,
улар бизнинг келажак сари қатъият билан боришимизда барчамизга доимо таянч ва суянч бўлиши муқаррар”.
Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг сентябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида: “Сизларни ишонтириб айтаманки, Ислом Абдуғаниевич Каримов бизга васият қилиб қолдирган барча ҳаётий тамойилларга оғишмасдан, қатъий амал қиламан. У кишининг раҳбар доимо одамларнинг, эл юртнинг дарду ташвиши билан яшаши, уларнинг орзу ниятларини рўёбга чиқариш учун ҳузур ҳаловатдан воз кечиб, ўзини аямасдан меҳнат қилиши керак, деган доно ўгитларини ўз фаолиятим учун асосий мезон ва талаб сифатида қабул қиламан”, дея, Биринчи Президентнинг хотирасига нисбатан чуқур ҳурматини ифода этган. Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, атоқли давлат арбоби – Ислом Каримовнинг эл ва юрт равнақи йулидаги хизматларини юксак баҳолаган.
Дархақиқат, Ислом Абдуғаниевичнинг ҳаёти замонавий Ўзбекистоннинг тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий мустақилликни мустаҳкамлаш, ижтимоий барқарорликни сақлаб қолиш, халқимизнинг онгу тафаккури ва дунёқарашини тубдан ўзгартиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, юксак иқтидорга эга сиёсатчи мана шу эзгу мақсад йўлида ўз халқини бирлаштиришга эришди. Мустақил давлатнинг келажагини барпо этишда у ўз халқига суянди, халқ билан ҳамнафас, хамфикр бўлиб яшади.
Ислом Абдуғаниевичнинг чуқур маъноли ўгитлари бугунга қадар долзарблигича қолаётганиниг сабабини атрофимизда рўй бераётган воқеларга қараб англаб етиш қийин эмас. Ҳамма нарсанинг асоси тинчликда, хотиржамликда, бағрикенликда эканлигини у киши хамиша таъкидлаб келган. Неча йил аввал айтилган «Бизга тинчлик ва омонлик керак!» деган сўзлари бугун давримиз шиорига айланган. Бугунги таҳликали вазиятда, юртимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат энг олий қадриятлар сифатида асраб-авайлаб келинмоқда.
“Ватанимиз мустақиллигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини, халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган ишларимизда буюк Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг «Она Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилиш — олий саодатдир» деган сўзлари доимо бизга куч-қувват ва ғайрат бағишлайди”. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу сўзлари ҳам бугун амалда ўз ифодасини топмоқда.
Буни Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларда ҳам яққол кўриш мумкин.
Ҳар йили 30-январь – Биринчи Президент таваллуд топган кун республикамизда кенг нишонланади. Бу йил ҳам, буюк давлат арбобининг 86 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги Оқсарой қароргоҳи худуди одамлар билан гавжум. Бу ерда ўрнатилган Ислом Каримовнинг хайкали пойи анвойи гулларга бурканган.
Мазкур санага бағишланган тантанали маросимлар Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам ўтказилди. Биринчи Президентнинг Самарқанддаги мақбарасини зиёрат қилгани келган ҳамюртларимизнинг кети узилмади. Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирилди, руҳи-покига бағишлаб Куръон тиловат қилинди.
Ф.Курбанбаев суратлари