ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

 “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир”


15.01.2019

14 январь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Тошкент давлат техника университети профессор-ўқитувчилари, 560 нафардан зиёд талаба-ёшлар, «Ҳарбий кафедра» офицер ва курсантлари иштирок этдилар.

 

Тадбирда сўзга чиққанлар, мамлакатимизда ватанпарвар, маънан етук ва жисмонан соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали ишлар амалга оширилаётгани, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ташкил этилиши тарихи, армиянинг ёшларни ўз Ватанига содиқ фарзанд қилиб тарбиялашдаги ўрни, ҳарбий хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар ва муддатли ҳарбий хизматчиларга яратилган имтиёзлар тўғрисида тўхталиб ўтдилар. Ўзининг шарафли, олижаноб ва масъулиятли бурчини - Ватанни ҳимоя қилишдек буюк вазифани муносиб адо этаётган университет ҳарбий хизматчиларига ва курсантларига ҳамда уларнинг ота-оналарига миннатдорлик билдирилиб, ҳокимият томонидан бир қатор ҳарбий хизматчилар ва профессор-ўқитувчиларга ташаккурномалар тақдим этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик  мажмуаси Илмий тадқиқот ва таълим маркази мудири Ваҳоб Қўчқоров, мамлакатимизда тинчлик ва осойишта ҳаётни таъминлашда миллий армиянинг ўрни хусусида сўз юритди. Хусусан, миллий армия ва Мудофаа вазирлиги тузилишида ва нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тарихий ўрни ва роли катта эканлиги алоҳида таъкидланди.

Офицерлар, ҳарбий кафедра ходимлари, нафақадаги офицерлар ҳамда ўзининг намунали хулқи, тартиби ва одоби билан бошқа талабаларга ўрнак бўлиб келаётган харбий кафедра курсантлари университет раҳбарияти томонидан фаҳрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.