Ватан остонадан, одам зоти яшаб, нафас олиб турган гўшадан, киндик қони тўкилган тупроқдан бошланади. Унинг ҳар бир қаричи муқаддас. Шунинг учун аждодларимиз юрт тупроғини кўзларига тўтиё этишган, қайга борса ҳам ватан ёди билан нафас олган. Зеро, инсон учун Ватанидан ўзга гўзалроқ, азизроқ макон йўқ экан, унинг ҳимояси ҳам шу қадар фахрли ва муқаддас бурч.
Тўмарису Широқ, Жалолиддину Темур каби фарзандлари орини сақлаб келган бу эл мудом мард, жасур ўғлонлари билан фахрланиб келган. Йигитларимиз шу юрт тупроғини муқаддас билиб, Ватан ҳимояси учун шай турмоқни – бурч деб ҳисоблагани, куну тун бедор тургани боис ҳам, шукрки, мамлакат хавфсиз, тинчлик барқарор.
Юртимиздаги Ватан ҳимоячилари куни ҳам бошқа байрамлар қатори – айнан мустақиллик билан ва яна унинг асосчиси номи билан бевосита боғлиқ. Биринчи Президентимиз фармони билан 1991 йил 6 сентябрда Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилган. Давлат раҳбарининг 1992 йил 14 январда қабул қилинган қарорига мувофиқ эса республикамиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилган. Ана шу тарихий кун – 14 январ, Ислом Каримов томонидан 1993 йил 29 декабрда имзоланган Қонун билан, Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Ўтган йиллар мобайнида, Биринчи Президент таъбири билан айтганда, “Қуролли Кучларимиз салоҳиятини ошириш йўлидаги барча саъй-ҳаракатлар биринчи навбатда мамлакатимизнинг давлат суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга қаратилди”.
Миллий армиямизни профессионал кадрлар билан тўлдириш, ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлигини, билим ва кўникмаларини янада юксалтириш борасида бугунги кунда ҳам изчил ишлар олиб борилмоқда. Кейинги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мустақиллиги, чегараларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашнинг чинакам кафолатига айланиб бормоқда. Барча қўшин турлари замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлиги узлуксиз ошиб бормоқда. Миллий армиямиз улар учун, ёшларимиз учун мардлик ва шон-шараф мактабига айланмоқда.
Бинобарин, дунёдаги бугунги мураккаб ва беқарор вазиятда биринчи галда Ватанни, оилани, нуридийдаларимизни турли бало-ю офатлардан сақлаш ҳар доимгидан ҳам долзарб бўлиб қолаверади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Умуман, бугунги кунда барчамиз – қайси соҳа ёки тармоқда, қандай лавозимда ишламайлик, Ватан ҳимоячиси бўлишимиз зарур. Бу талабни даврнинг ўзи олдимизга қатъий вазифа қилиб қўймоқда ва халқимиз ҳам биздан айнан шуни кутмоқда”.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Дарвоқе, Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасидаги “Бутун оламни жо қилган юрак” доимий кўргазмасида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган махсус фотоэкспозиция ташкил қилинди.
Фурсатдан фойдаланиб, Ватан ҳимоячиси деган шарафли номни оқлаб юрган барчага ушбу айём муборак бўлсин, деймиз!
Ф.Қурбонбоев ва Т.Қурбонбоев фотосуратлари











