Республикада давом этаётган “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мажмуа ходимлари билан навбатдаги кўргазмали машғулот ўтказилди. Бевосита Мажмуа худудида бўлиб ўтган тадбирга ёнғинга қарши кураш хизмати мутахассислари томонидан замонавий техник воситалар билан жихозланган ўт ўчириш машинаси ҳам келтирилди.
Бу галги тадбирнинг эътиборли жихати шундаки, йиғилганларга ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари, унинг олдини олиш, бартараф этиш чораларига оид барча маълумотлар бевосита кўргазмали воситалар ёрдамида, содда ва равон тилда тушунтирилди.
Шу билан бир қаторда Мажмуа ҳудуди ва биноларнинг ичкарисига ўрнатилган ёнғинга қарши техник воситалардан фойдаланиш бўйича ҳам тегишли маълумот берилди. Мазкур тадбир кўплаб саволларга ойдинлик киритиш нуқтаи-назаридан самарали натижа беришига ишончимиз комил.
Мажмуа ходимларининг Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидламоқ лозим. Зеро ҳар қандай хатарни бартараф этишдан кўра вақтида унинг олдини олиш зарурлиги ўз ўзидан аёндир.
Ф.Қурбанбаев суратлари