Геология фанлари университети талабаси Зоҳирбек Тошбадалов асли самарқандлик бўлиб, Ўзбекистоннинг янги тарихига ғоят қизиқади. Ўз тарихини чуқур ўрганмасдан, муваффақиятга эришиб бўлмайди, дея ҳисоблайди у. Зеро, Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Ўзининг тарихи билан фахрланмаган халқ келажагини ҳам қура олмайди”. Мустақилликка эришганимиз, қолаверса, Янги Ўзбекистондаги жадал ўзгаришлар асосларини бевосита ўрганиш – энг янги тарихимизнинг узвий бир қисми. Йигитнинг Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига мурожаат қилишига, сўнгроқ кечган самимий учрашувга ҳам айни қизиқиш сабаб бўлди.
– Сиз билан учрашишни орзу қилардим, – ёш меҳмон мажмуа Васийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президент рафиқаси Татяна Акбаровна Каримова билан суҳбатдаги гапини шундай бошлади.
Учрашувнинг яна бир иштирокчиси – Миллий гвардия офицери Дауилбай Қурбонбоев. Ҳозирда у Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасида хизмат қилмоқда. Бу норғул ўғлон жасорат ва шижоат талаб қиладиган касблардан бирини танлаган бўлса-да, қалбан шеърият ва нафосатга бегона эмас экан. Мулоқот давомида у ўзининг Биринчи Президентга бағишланган шеърини ўқиб берди.
Татяна Акбаровна ўз хотираларини ҳикоя қилиш асносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фармонига мувофиқ Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва меросини ҳар томонлама ўрганиш мақсадида ташкил этилган мажмуа фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Учрашув якунида ёшларга “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” китоб-альбоми совға қилинди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Т.Қурбонбоев фотосуратлари









