ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

«Тошкент» халқаро аэропортида давра суҳбати бўлиб ўтди


24.01.2018

Пойтахтимиздаги "Тошкент" халқаро аэропортида жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси билан биргаликда ташкил этилди. Унинг ишида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси ходимлари, олим, мутахассислар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Тадбир қатнашчиларига Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Давра суҳбатида маърузачилар таъкидлаганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Тошкент” халқаро аэропортига Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номи берилди.

Маълумки, 1992 йилда  Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов Фармонига биноан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ташкил этилди. Шу даврдан бошлаб, мамлакат авиаторларига бутун дунёда стратегик соҳа ҳисобланган фуқаро авиациясини модернизация қилиш ва ривожлантириш каби аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ўтган йиллар мобайнида ҳукуматимизнинг ҳар томонлама кўмаги натижасида соҳада  авиапаркни янгилаш ва ер усти инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг миқёсли дастурлар амалга оширилди. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Миллий авиаташувчиси мамлакатимиз мустақиллигининг рамзи сифатида жаҳон авиаташувлари бозорида  ўз нуфузига эга.

Ўз навбатида “Тошкент” халқаро аэропорти ҳаво йўллари орқали дунёнинг деярли барча йирик шаҳарлари билан боғланган. Пойтахт аэропортида маҳаллий авиақатновлар учун «Тошкент-3» аэровокзали, юқори қулайликка эга Business Lounge «Uzbekistan airways» учиш зали йўловчилар хизматида. 2001 йилда бош  йўловчи терминали қайта қурилиши якунланди. Бу борада марказий ҳаво йўллари аэровокзали замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди ва шу тариқа у янада шинам бўлди. Аэровокзал соатига 1000 дан зиёд йўловчиларга хизмат кўрсата олади. Ҳар йили унинг хизматларидан 2 миллиондан ортиқ йўловчилар фойдаланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 январдаги қарорига мувофиқ «Тошкент-4» халқаро йўловчи терминали қурилиши режалаштирилган. Бугунги кунда янги иншоот лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари такомиллаштирилди. Лойиҳа Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг банк ва жамғармалари ҳисобидан молиялаштирилади. Янги халқаро аэропортда соатига 1 минг 500 йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

Тадбир давомида Ислом Каримовнинг сафдошлари мамлакатимиз Биринчи Президенти ҳақида илиқ таассуротлари билан ўртоқлашдилар.