ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК ПОСБОНИ


12.01.2024

«Халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини сақлаш энг устувор вазифамиз бўлиб қолади»

                                             Ўзбекистон Республикаси Президенти

                                               Шавкат Мирзиёев

Юртимизда Ватан ҳимояси каби улуғвор ишга ўзини бағишлаган ҳарбийларимиз катта ҳурмат ва эъзоз билан қадрланиб, ҳар йили “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” катта байрам ва шодиёна билан ўтказилади.

Маълумки, мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ мамлакатимиз мудофаасини кучайтириш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 1991 йил 6 сентябрдаги Мудофаа ишлари вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги Фармон имзоланди.

1992 йил 14 январь куни эса мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим кун сифатида тарихга мухрланди.

Республика Олий Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги қонуни билан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий тузилмалар мустақил Ўзбекистон тасарруфига ўтказилди. Давлатимиз  раҳбари ташаббусига асосан қабул қилинган мазкур ҳужжат армиямизни ислоҳ қилишнинг узоқ муддатли дастури ишлаб  чиқилишига йўл очди.

1993 йилнинг 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида Қонунни имзолади. Мазкур Қонунга кўра “14 январь — Ватан ҳимоячилари куни” деб белгиланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради”, деб айтган гапларида ҳам Қуролли Кучларимизнинг халқ билан ҳар қачонгидан ҳам яқинлигини англашимиз мумкин.

Ўтган давр мобайнида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳатлар туфайли юртимиз хавфсизлигини, сарҳадларимиз даҳлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётига қарши қаратилган ҳар қандай ғаразли уринишларнинг олдини олишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз шакллантирилди.

Она юртимиз ҳар доим ўзининг мард, жасур йигитлари билан фахрланиб келган. Йигитларимиз ота-она ва оиласини, ўзи яшаётган юрт тупроғини муқаддас билиб, Ватан ҳимояси учун доимо шай туришни бурч деб ҳисоблаган. Ушбу байрамнинг нишонланиши халқимизнинг ўз миллий армиясига нисбатан чексиз ҳурматини, алп йигитларига нисбатан ифтихорини билдиради.

Ўзбекистон армияси тинчлик ва осойишталигимиз кафолатидир. Байрамингиз муборак бўлсин азиз Ватан ҳимоячилари, юрт посбонлари!