Тил – инсон маънавий қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган беназир кўзгу, у – миллатнинг руҳи, кўзгуси, у – давлатнинг тимсоли, мулки. Ва ниҳоят, тил – она алласи билан вужуд-вужудимизга жо бўлган, мустаҳкам ўрнашган – онгу шууримизнинг бир парчаси. Шунинг учун “она тили” деймиз. Тилни асраб-авайлаш орқали миллат юксалади. Аксинча, тил йўқолса, миллат йўқликка маҳкум бўлади, тугаб-битади, ўзлик йўқолади. Улуғ шоир бежизга “Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз, мен ҳам тўти бўлиб қоламан!” деб ёзмаган...
Ана энди дунёдаги тиллар масаласига келсак, ЮНЕСКО маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда қарийб 7 мингга яқин тил мавжуд, лекин улардан фақат 200 га яқинигина давлат тили мақомига, нуфузига эга. Шулар қаторида – жаҳон миқёсида 50 миллиондан ортиқ киши сўзлашиб келаётган гўзал ва жозибали тил – ўзбек тилининг ҳам борлиги биз учун ғурур.
Ватанимиз мустақиллигининг асоси, пойдевори ҳам айнан миллий тилга юксак мақом берилган онлардан бошлаб қўйилган, десак, хато қилмаган бўламиз. Айнан мустақиллик остонасида Биринчи Президент Ислом Каримов ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши остида давлат тилига ҳуқуқий мақом бериш масаласи кун тартибига қўйилди ва 1989 йил 21 октябрь куни “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Ўзбекистон ҳали Шўролар Иттифоқи таркибида бўлган, миллий маданият ва маънавиятни, тил мавзуларини кўтариш миллатчилик дея баҳо берилган бир пайтда бундай қарорнинг қабул қилиниши том маънода жасорат эди. Айнан Ислом Каримовнинг сиёсий иродаси, шижоати ва қатъияти туфайли тарихимиз, қадриятларимиз тикланишида, миллий ўзликни чуқур англашда муҳим омил бўлган мазкур лойиҳа амалга оширилди.
Кейин-кейин, мустақил давлатчиликнинг барча босқичлари, яъни ислоҳотлар ўтказиш, миллий қонунчилик ва мафкура масалаларини йўлга қўйиш, изчил ва қатъий ички ҳамда ташқи сиёсатни юритиш каби масалаларнинг ҳар бирида – айнан миллий тил ва унинг қадри масаласи алоҳида ўрин тутиб, бевосита ва билвосита асосий мезонлардан бири бўлиб турди.
Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши қанчалик муҳим бўлган бўлса, 2016 йилнинг 13 майида Биринчи Президентимиз томонидан имзоланган “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармон ҳам XXI аср ўзбек халқи маданий ҳаётида оламшумул аҳамиятга эга бўлди.
Тил масаласи, унинг миллий давлатчилик ва суверенитетдаги тенгсиз ўрнига бугунги кунда ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қараб келинаётгани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Чунончи, 2019 йил 4 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелдаги Қонунига асосан 21 октябрь мамлакатимизда – Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон пойдевори яратилаётган айни шиддатли даврда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ривожини таъминлаш билан бир қаторда, халқимиз тафаккурининг бебаҳо хазинаси бўлмиш ўзбек тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш – бугунги энг шарафли вазифалардан бирига айлангани рост.
Зеро, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Халқимизни юксак маърифатли жамият барпо этишдек эзгу мақсад йўлида жипслаштириш, юртдошларимиз қалбига ягона Ватан, умумий фаровон келажак туйғусини сингдиришда ўзбек тили бирлаштирувчи аҳамиятга эгадир”.
Ф.Қурбонбоев фотосуратлари