ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ТИКЛАНГАН ҚАДРИЯТ БАЙРАМИ


09.04.2024

Неча минг йиллар аро не бир воқеликлар шоҳиди бўлган бу кўҳна замин ўз бошидан қай кунларни ўтказмади дейсиз: гуллаб-яшнаган тараққиётлар-у салтанатлар, эврилишлар-у дунёни титратган фотиҳлар босқини, маъмурлик-у забунлик, сўнгроқ мустамлака занжири.

Мустамлака – ўз номи билан мустамлака. Моддий ночорлик ўз йўлига, аммо маънавий хўрланиш ёмон. Отасига жаноза ўқитган одамнинг жамиятдан улоқтирилиши, дўппи кийган бошларнинг хам қилиниши, шунчаки эскичада саводи бор мардумнинг ур калтак-сур калтак қилиб, сазойи этилиши... Шунақа замонлар ҳам кечди-ку. Замонки, эътиқодни, инсонни инсон қилиб турган – ўзлигу қадриятни таг-туби билан суғуриб олмоқчи бўлишган. Ўша туйғуларни эса, миллатга қайтариб берган шахс – Ислом Каримов эди.

Ҳа, маҳобат эмас, факт бу. Ҳали собиқ Иттифоқ тарқамай туриб, аниқроғи, 1991 йил 11 апрель куни “Анъанавий миллий байрам “рўза ҳайити”ни нишонлаш ҳақидаги Президент Фармонига имзо чекди у. Кейинроқ, Биринчи Президентнинг 1992 йил 27 мартдаги фармони билан Рамазон, Қурбон ҳайитларининг биринчи кунлари – дам олиш куни деб эълон қилинди.

Мустақилликнинг илк йиллариданоқ диний аҳком ва урф-одат, бу борадаги неча асрлик меросни – қадрият даражасига чиқариб, кейинги амалий саъй-ҳаракатлар ҳам худди шу маслак йўлида олиб борилди. Ислом Каримовнинг бир иборасини эслаш лозим бўлади: “Инсон эътиқодсиз, иймонсиз яшай олмайди. Чунки комил ва собит эътиқод жамият маънавий қиёфасини белгилайди. Бу борада Ислом дини катта аҳамиятга эга”.

Имом ал-Бухорий, Имом ал-Мотуридий, Бурхониддин Марғиноний, Ҳаким ат-Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа улуғ аждодларимиз мақбараларининг обод қилиниши ҳамда улар мероси тадқиқ этилиши, Ҳаж ва Умра амалларининг тизимли йўлга қўйилиши, Тошкент Ислом университетига асос солиниши, барча ҳудудларда масжидлар барпо этилиши каби ва бошқа юзлаб тадбирларнинг ўзи – Биринчи Президентнинг бу масалага нечоғли катта эътибор билан қараганини исботлайди.

Бу ишлар самараси ўлароқ, 2007 йил Тошкент шаҳри – Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти – АЙСЕСКО (ISESCO) томонидан “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинган. Худди шу йили бевосита Ислом Каримов ташаббуси ва лойиҳаси асосида азим пойтахтимизда Ҳазрати Имом мажмуаси ва масжиди, кейинроқ эса “Минор” масжиди барпо этилди.

Эътиқод эркинлигини кафолатлаш, бош қомусимизда белгиланганидек, фуқароларнинг миллати, ирқи ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқли эканлиги тамойили асосида, уларнинг виждон эркинлиги, урф-одатлари, миллий анъаналарини ҳурмат қилиш, ислом динининг халқимиз ҳаётидаги ўрнини тўғри баҳолаб, бу борадаги сиёсатни тизимли асосда олиб бориш бугунги кунда ҳам изчил давом этмоқда. Бунинг яққол исботини биргина мисолда кўрсатиб ўтиш мумкинки, Ислом ҳамкорлик ташкилоти маданият вазирлари IX Ислом конференциясида – 2020 йилда кўҳна ва боқий шаҳримиз Бухоро ҳам – Ислом маданияти пойтахти сифатида тан олинди.

Янги Ўзбекистон шароитида юртимизда Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилаётгани, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари иш бошлагани, Бухорода Мир Араб олий мадрасасига, Самарқандда Ҳадис илми мактабига асос солингани, Қашқадарёда Абу Муин Насафий, Наманганда Султон Увайс Қараний қадамжолари, Тошкент шаҳрида Сузук ота мажмуаси янгитдан бунёд қилингани, ўнлаб муҳташам масжидлар, диний билим муассасалари барпо этилгани, зиёратгоҳ масканлар обод қилингани – юқорида айтилган изчил давомийликнинг ёрқин намуналаридир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Буларнинг барчаси мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маънавий қадриятларни тиклаш ва эъзозлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир”.

Бугунги нишонлайдиганимиз айём – яқин тарихимизда тикланган ва ҳақли равишда халқнинг ўзига қайтарилган қадрият байрами ҳисобланади.

Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!