ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“ТАСВИРИЙ САНЪАТ АСАРЛАРИДА ИСЛОМ КАРИМОВ СИЙМОСИ”


04.02.2026

Биринчи Президент таваллуд куни муносабати билан ҳар йили мунтазам равишда ўтадиган анъанавий Хотира ҳафталиги доирасидаги навбатдаги маърифий кеча ана шундай номланди. Мажмуа томонидан, Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиздаги таниқли рассом ва ҳайкалтарошлар, олимлар ва санъаткорлар, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба ёшлар иштирок этишди.

Тадбирда кириш сўзи билан қатнашган мажмуа Ҳомийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президентнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримованинг хотирлашича, Ислом Каримовнинг ўзи ҳаётлик чоғида ҳеч қачон атайлаб мусаввир қаршисида ўтириб, сувратини чиздирмаган экан. Аммо тақдирни қарангки, бугун дунё санъат аҳли томонидан тан олинган ўнлаб машҳур рассом ва ҳайкалтарошлар – мустақил давлатнинг тамал тошини қўйган буюк инсон сиймосини полотно ва ҳайкалларга муҳрлашмоқда.
Айни ҳақиқат мажмуа раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов сўзида ҳам мисоллар билан ўз исботини топди. Нотиқнинг эътироф этишича, бугун доимий асосда фаолият юритаётган, Ислом Каримов сиймоси акс этган 50 дан ортиқ муаллифнинг ижод маҳсули бўлмиш – картиналар, портретлар, фотолар, пейзаж ва ҳайкалтарошлик намуналари ўтин олган “Бутун оламни жо қилган юрак” доимий кўргазмасига ўтган 2025 йилнинг ўзида 45 мингдан зиёд томошабин ташриф буюрган. Бу – юртдошларимизнинг буюк шахс ҳаётига нечоғли қизиқишининг ўзига хос исботи.

Шундан сўнг сўзга чиққан Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Омонулла Солиҳов, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзолари – санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Ҳакимов, Ўзбекистон санъат арбоби, машҳур ҳайкалтарош Илҳом Жабборов, Ўзбекистон халқ рассомлари Собир Раҳматов ва Жасвант Анназаровлар ўз хотираларида – Ислом Каримовнинг мамлакат Бадиий академияси ва рассомлик олий ўқув юртига асос солгани ҳамда соҳага кўрсатган мислсиз ғамхўрлиги, Биринчи Президентнинг буюк бобокалонларимиз ҳайкалларини яратишдаги ташаббуси, саъй-ҳаракатлари ва фидоийлиги, мамлакат тимсолларини барпо этишдаги жонбозлиги, юртини юрак-юракдан севгани, шу боис ҳам буюк етакчидаги ана шу хислатлар унинг ўз сиймоси акс этган санъат асарларига ҳам кўчиб ўтганини жонли мисоллар билан сўзлаб беришди.

Кейинроқ минбарга чиққан санъатшунос олимларнинг маърузаларида ҳам, Риштонлик кулолнинг ўз меҳнат маҳсулини Биринчи Президент рафиқасига туҳфа қилаётган чоғда ҳам, санъаткорларнинг дилни ўртар куй ва қўшиқларида ҳам худди ана шу жонли руҳ ва самимият, қолаверса, буюк инсон хотирасига нисбатан кучли эҳтиром туйғуси ҳукмрон бўлди.
Дарвоқе, кеча меҳмонлари шу куннинг ўзида тадбир ўтган Ислом Каримов номидаги кутубхонанинг кираверишида ташкил этилган, асосий мавзуга мос ҳамда тарихий фотолардан ташкил топган экспозиция билан ҳам танишиш имконига эга бўлдилар.
Маданий-маърифий кеча сўнгида унинг фаол иштирокчиларига мажмуа номидан ташаккурномалар тақдим этилди.

Ф.Қурбонбоев ва Т.Қурбонбоев фотолари