Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси – мамлакатимизнинг давлат сифатидаги шаклланиши ва тараққиёти тарихига қизиққан ҳар бир кишининг эътиборини тортиши аниқ. Бу маскандаги архив материаллари, китоб фонди, экспонатлар – мустақил давлат ўлароқ дунёга келган ёш давлатнинг ўз етакчиси, яъни Биринчи Президенти раҳбарлигида жаҳон ҳамжамияти узра илк ва ишончли қадамларини қўйган ўша йиллардан ҳикоя қилиб тургандек гўё.
Бутун бошли мамлакат халқини талофатларсиз, ларзаларсиз келажакка етаклаган Ислом Каримов феномени – азалдан илмий изланишлар, ижодий ишлар ва публицистика учун қизиқарли мавзу бўлиб келган. Бу мавзу ҳозир ҳам долзарб. Айниқса, оилавий хотираларнинг хазинабони, Биринчи Президентнинг рафиқаси билан мулоқот қилиш, шу аснода кўплаб эсдалик ва воқеликларни тинглаш жараёни ундан ҳам мароқли.
Мажмуа Васийлик кенгаши аъзоси Татяна Каримова таниқли журналист ва ҳуқуқшунос, “Юксаклик йўлида 100 та тасодиф бўлмаган учрашув” китоби муаллифи Отабек Маҳкамов билан учрашди. Меҳмон яқинда Тошкентда тақдимоти ўтказилган мазкур нашрнинг ғояси ҳақида гапириб берди. Китобда турли жабҳаларда муваффақият қозонган 100 киши ўз ҳаётий сабоқлари билан ўртоқлашади. Ўзининг айтишига кўра, муаллиф улар билан сўнгги 18 йил ичида 52 давлат бўйлаб қилган саёҳатлари давомида учрашган.
О.Маҳкамов Биринчи Президент рафиқасидан интервью олиб, у билан – тарих ўзанини ўзгартириб, бутун бир халқ тақдирини ижобий ҳал этишга муваффақ бўлган – замонамизнинг буюк шахси ҳақида суҳбатлашиш истагини билдирди.
“Ислом Абдуғаниевич феъл-атворидаги – фавқулодда ўзига хослик, улуғлик, узоқни кўра олиш, олимлик, мардлик каби беш хислатни устун деб биламан”, – деди меҳмон. Самимий суҳбатда Биринчи Президентимиз ҳаёти ва фаолиятидаги энг ёрқин лаҳзалар ҳақида сўз борди.
Татяна Акбаровна меҳмонга – давлат ва сиёсат арбоблари, хорижий давлатлар раҳбарлари ҳамда Ислом Каримовни яқиндан таниган барча одамлар хотиралари битилган китоб-альбомни, шунингдек, Биринчи Президент фаолиятидаги энг муҳим воқеалар акс эттирилган фотосуратларни совға қилди. Отабек Маҳкамов эса, ўз муаллифлигидаги китобни туҳфа қилиб, Биринчи Президентнинг рафиқаси билан ҳам суҳбат – унинг янги китобидан муносиб ўрин эгаллашига умид билдирди.
Ва бу суҳбат ҳам ўзини кўп куттирмади – у меҳмоннинг мажмуага кейинги келиши чоғида содир бўлди. Татяна Акбаровна бирга яшаган йиллари ҳақидаги хотираларини истиқлолнинг илк йиллари ёдномалари билан муштарак ҳолда ўртоқлашди. Чунки Биринчи Президентнинг рафиқаси ўлароқ, у – бутун бир халқ тақдирида тарихнинг кейинги тадрижига таъсир кўрсатган воқеаларга бевосита гувоҳ бўлган. Мустақил давлат асосчисининг шахсиятини – унинг оила ва дўстлар даврасида қандай инсон бўлгани ҳақидаги ҳикоялар янада тўлиқ очиб берди.
Табиийки, таниқли журналистнинг томошабинлар аудиторияси, мазкур суҳбат билан танишув асносида, Ўзбекистоннинг энг янги тарихидаги воқеа-ҳодисалар билан нисбатан кенгроқ танишиш имконига эга бўлишади. Суҳбатнинг ўзи эса Биринчи Президентимиз хотира китобига яна бир муҳим саҳифа бўлиб қўшилмоғи шубҳасиз.
Т.Қурбонбоев фотолари