ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ТАРИХНИНГ МОДДИЙ ВА МАЪНАВИЙ КЎЗГУСИ


17.05.2024

18 май – Халқаро музейлар куни. Музейлар эса фақат маданий қадриятлар намойишигина бўлиб қолмасдан, бизни ўтмиш саёҳатига чорловчи йўлчи юлдуз ҳам. Ўзбекистон музейлари 130 йиллик тарихга эга. Мамлакат миқёсида мунтазам фаолият юритаётган 127 та давлат музейи бўлиб, табийки, улар йилдан-йилга маънан бойиб, мунтазам кенгайиб боради.

“Ҳар қайси халқ миллий қадриятларини ўз мақсад-муддаолари, умумбашарий тараққиёт ютуқлари асосида ривожлантириб, маънавий дунёсини юксалтириб боришга интилар экан, бу борада тарихий хотира масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Яъни, тарихий хотира туйғуси тўлақонли равишда тикланган халқ босиб ўтган йўл – ўзининг барча муваффақият ва зафарлари, йуқотиш ва қурбонлари, қувонч ва изтироблари билан, холис ва хаққоний ўрганилган тақдирдагина чинакам тарих бўлади”. Ушбу фикрлар муаллифи бўлмиш – Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўзининг мамлакатдаги бошқарув йилларида кўплаб масалалар қатори, музейлар ривожига ҳам – миллий ўзликни англашнинг муҳим ва устувор масалаларидан бири, деб қарагани табиий. Бевосита унинг раҳбарлиги йилларида музейларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Гапнинг очиғи, истиқлолнинг илк даврларида ёш давлатнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволи оғир бўлган. Ечим кутаётган жиддий муаммолар, тезкорлик билан ҳал этилиши лозим масалалар кўплигига қарамай, Ислом Каримов пойтахт марказида Темурийлар тарихи давлат музейини ташкил этиш тўғрисидаги фармонга имзо чекади. Музей 1996 йил 18 октябрда – буюк соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан тантанали суратда очилади.

1997 йил Ислом Каримов ташаббуси билан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти қошида музейшунос мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилди. Бу қадам – мамлакатда музейшуносликнинг фан сифатида ривожланиш имкониятларини янада кенгайтирди.

Мақола бошроғида “масаланинг ташкилий-ҳуқуқий асослари” деган жумлани ишлатдик. Соҳа ривожини кўзлаб амалга оширилган ишларни эса айнан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 12 январда қабул қилинган “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони билан бевосита боғлаш мумкин. Фармонга мувофиқ Маданият ишлари вазирлиги қошида Музейларни қўллаб-қувватлаш Республика “Ўзбекмузей” жамғармаси ташкил қилинди, “Мозийдан садо” журнали таъсис этилди. Музейлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланди.

Шу тариқа буюк ўтмишга эга бўлган, бугунги авлодлар у билан танишиб, фахр-ифтихор туйғуларини уйғотадиган масканлар фаолияти янгича руҳ ва шитоб билан ривожлана борди. Жумладан, Ислом Каримовнинг 1999 йилдаги фармони билан, Тошкентнинг Юнусобод туманида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ва Қатағон қурбонлари музейи барпо этилди.

2001 йилда Термиз археология музейи ташкил топди.

Рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Кўҳна ва улуғвор шаҳарларимиз номи дунёнинг беназир тарихий масканлари қаторида ЮНЕСКО ташкилотининг расмий рўйхатига киритилиши, буюк аждодларимиз ҳаёти билан боғлиқ қадамжоларнинг қайта обод этилиши билан – бу замин ўзининг бой ўтмиш, илмий ва маънавий салоҳиятининг нечоғли юксаклигини дунё ҳамжамиятига намоён қилди.

Бугунги кунда ҳам мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар изчил ва тизимли равишда давом эттирилмоқда. Туризм соҳаси – иқтисодиётнинг янги ва истиқболли йўналиши саналиши, юртимизда 7 ярим мингга яқин маданий мерос объектлари мавжудлиги ва уларнинг аксарияти ЮНЕСКО рўйхатига киритилгани теран англаб етилиб, мазкур йўналишдаги амалий ишлар  айни мақсад сари йўналтирилаяпти.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ислом Каримов кўп йиллар давомида фаолият олиб борган Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳини музейлаштириш ишлари якунига етди...

Дарҳақиқат, шоир айтганидек,

“Меҳру муҳаббатга сазовор асли

Меҳру муҳаббатни улуғлаган зот!..”

Ф.Қурбонбоев олган суратлар