ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ТАБИАТ ВА КЎНГИЛНИ ЯНГИЛАЙДИГАН АЙЁМЛАР


19.03.2026

Шу кунларда нақ иккита байрам тараддудидамиз: Рамазон ҳайити ва Наврўзи олам. Қаранг, бирида кўнгил, руҳ покланади, равшанлашади, қадр-қиммат улуғланади. Бошқасида эса кўнгил баробарида бутун борлиқ, табиат янгиланиб, яшариб, дилда ўзгача сурур, баҳорий навозишлар ҳукм суради.

Мундоқ ўйлаб қарасангиз, асрий боқий қадриятлар, ўзлик, иймон билан боғлиқ бу айёмларнинг ҳар иккиси ҳам биз учун бирдек суюмли ва табаррук. Уларнинг ҳар иккиси ҳам собиқ Шўролар тузумида қатағон қилинган, таъқиқланган. Ва уларнинг ҳар иккаласини ҳам бизга, эл-улусга қайтариб берган шахс – Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов бўлади. Ҳа, шундай.

Саналар, ҳужжатлар, иқтибослар:

1990 йил 3 май. Биринчи Президент фармонига мувофиқ, Наврўз – умумхалқ байрами, дея эълон қилинди ва 21 март дам олиш куни этиб белгиланди. Ислом Каримовнинг ўзи эса “Минг йиллар аввал пайдо бўлган Наврўзи олам халқимиз учун энг кўҳна, асл миллий, шарқона янги йил дебочаси сифатида доимо соғиниб, ардоқлаб қарши оладиган, ҳар қайси уйга шодлик ва хурсандчилик олиб келиши, халқимизга мансуб бўлган анъана ва қадриятларни безавол сақлаб келиши билан барчамизга қадрли ва азиздир”, дея баралла эътироф этди.

Ҳали истиқлол йўқ эди...

1991 йил 11 апрель. “Анъанавий миллий байрам “рўза ҳайити”ни нишонлаш ҳақида”ги Президент Фармонига имзо чекилди. “Инсон эътиқодсиз, иймонсиз яшай олмайди. Чунки комил ва собит эътиқод жамият маънавий қиёфасини белгилайди. Бу борада Ислом дини катта аҳамиятга эга” деган ҳақиқат айнан миллат етакчиси томонидан баралла эътироф этилди.

Ҳали истиқлол йўқ эди...

Миллатни уйғотиш керак эди, улус томиридаги буюк боболар қонини – азбаройи миллат саодати ва уйғониши йўлида қайта жўштириш лозим эди, элни бирлаштириш керак эди, халқни – буюк ғоялар, ягона мафкура йўлида сафарбар қилмоқ лозим эди. Наврўз ҳам, диний қадриятларимиз ҳам шу улуғ вазифани уддалаш бобида зўр бир восита бўлди.

Не бахтки, бугун энди ўшал улуғ қадриятлари ўзига қайтган эл росмана, расмона байрам қилмоқда. Ўтган аср сўнгги ўн йиллигидан секин-аста бошланиб, бугунги халқ сийратининг узвий, ажралмас қисмига айланган ўша сурур, ўша кайфият – бугунги ўтаётган байрамларда ҳам шак-шубҳасиз зоҳир бўлаётир. Чунки ўзлигини англаган улус – уни кўз қорачиғидек авайлайди. Неча минг йиллик Наврўз, қайтариб берилган қадриятларимиз эса – ўзининг дилга муқим ўрнашгани ила – асрий вазифаларини адо этишда давом этмоқда.

Асримизнинг бетимсол иншооти, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, миллий ўзлигимиз, илм-фан, таълим ва маданият тимсоли бўлмиш – Ислом цивилизацияси марказининг айнан ана шу улуғ айёмлар арафасида очилганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бу даргоҳ нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази бўлиши зарур”.

Шундай. Оққан дарё яна оқаверади. Бу кўҳна дунёга тенгги йўқ алломаларни берган буюк оналар боз яна ўшандай улуғ ўғлонларни жаҳонга бераверади. Энг муҳими, руҳиятдаги, тийнатдаги – ўша ғурур, ўша эътиқод, ўша қатъият ўлмаса, сўнмаса бас.

Яқинлашиб келаётган, кўнгил ва борлиқни поклайдиган – улуғ, қўшалоқ айёмлар барчамизга муборак бўлсин!

president.uz сайтидан олинган ва Ф.Қурбонбоев фотосуратлари