“Агар бу зотни авлиё десак, у – авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак – мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак – шоирларнинг султонидир. Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади”.
Ҳазрат Алишер Навоийга чексиз ихлос ва фахр билан айтилган бу сўзлар Ислом Каримовга тегишли. Мундоқ ўйлаб қарасак, Ўзбекистон мустақиллиги маънавий асосларини яратишда, миллий ғурур ва миллий мафкура пойдевори қўйилаётганда ҳам ана шу ихлос ва ғурур – таянч бўлиб хизмат қилган бўлса, не ажаб.
![]() |
![]() |
Ҳали собиқ тузум даврининг сўнгги йилларидан бошлабоқ, ҳазрат Навоий меросига нисбатан эътибор ва эътироф янгича кўриниш касб эта бошлаган, бутун бошли 1991 йил “Алишер Навоий йили” деб аталганди. Шу тариқа мустақилликнинг илк йили – истиқлол солномаларида шундай ном билан қолди. Ўша йили пойтахтда улуғ бобомизнинг муаззам ҳайкали ўрнатилди, Миллий боғга ҳам у кишининг муборак номи берилди.
Кейинчалик Самарқанд ва Навоий шаҳарларида буюк аждодимизнинг ҳайкаллари қад ростлади, пойтахтда Ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилиб, у ҳам Алишер Навоий номи билан аталди. Айни дамда пойтахтдаги метро бекати, Республикамизнинг ҳар бир йирик шаҳридаги кўча ва хиёбонлар, боғ ва сайилгоҳлар, кутубхоналар шу ном билан аталади.
Лекин гап фақат ҳайкал қўйишда ва номлашда эмас. Гап – улуғ бобокалонимиз маънавий меросини ўрганишда, англаб етишда, унга хос ва мос яшашда.
Шукурки, бу йўлдаги ҳаракатлар аллақачон бошланган ва у давом этмоқда. Куни кеча шоир номи билан аталган Навоий шаҳрида – буюк аждодимиз таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан, дунёнинг 20 га яқин давлатидан ташриф буюрган навоийшунос олимлар ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларидан таниқли профессор-ўқитувчилар, ижодкор зиёлилар, маънавият соҳаси фидойилари иштирокида – “Алишер Навоий ва Шарқ Ренесанси” мавзусида IV халқаро симпозиум бўлиб ўтгани фикримизнинг яққол дадилидир. Шоир айтганидек,
Минорадек мармар ҳайкали
Кўринса ҳам ҳатто Ҳиротга,
Қавмин уйи турса чайқалиб,
Тўйи татирмикан у зотга?..
...Буюк шоир дейиш-ку осон,
Хитобларга қўшилиб. Лекин
Навоийнинг тўйи,
Биз қачон –
Арвоҳини шод этолган кун!
![]() |
![]() |
Бугун улуғ бобокалонимиз сўзлари, асарлари Янги Ўзбекистон бўйлаб, бутун дунё бўйлаб ўзининг юксак парвозини давом эттирмоқда.
Ф.Қурбонбоев фотосуратлари