ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

СОЛНОМА


17.09.2020

1996 йил 1 сентябрь

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов пойтахтимизда Олимпия шон-шуҳрати музейининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

2006 йил 1 сентябрь

Президент Ислом Каримов Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этди. Марказий Осиё давлатларининг сув-энергетика консорциумини тузиш ишларини жадаллаштириш мавзуси кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлди.

1995 йил 2 сентябрь

Тошкентда Республика Қуролли Кучлари академиясининг расмий очилиш маросими бўлди. Ўзбекистон Президенти – Республика Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов тантанали йиғилишда маъруза қилди.

1995 йил 2 сентябрь

Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида биринчи Марказий Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлди. Президент Ислом Каримов спортчиларни, меҳмонлар ва спорт мухлисларини табриклади.

1996 йил 2 сентябрь

«Юнусобод» теннис мажмуасида «Президент кубоги» халқаро турнири бошланди. Мусобақанинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.

2008 йил 2 сентябрь

Президент Ислом Каримов Дўрмон қароргоҳида Россия Федерацияси ҳукумати раиси Владимир Путинни қабул қилди. Учрашувда савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, сармоявий ҳамкорликни, гуманитар соҳадаги алоқаларни янада кенгайтириш, сиёсий муносабатларни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар, томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

2015 йил 2-3 сентябрь

Президент Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан расмий ташриф билан Пекин шаҳрида бўлди. Давлатимиз раҳбари Пекин шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимларда иштирок этди. Ташриф асносида Президент Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётгани, сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, молия, қурилиш, илм-фан, таълим, маданият соҳаларидаги кенг кўламли ҳамкорлик изчил ривожланаётгани қайд этилди.

1999 йил 3 сентябрь

Президент Ислом Каримов Тошкент Ислом университетининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

1993 йил 4 сентябрь

Президент Ислом Каримов пойтахтимиздаги «Туркистон» саройининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Унда Президент қурувчилар жамоасига миннатдорлик билдириб, халқимизни ушбу маданий-маънавий марказнинг ишга тушиши билан қутлади.

1995 йил 4 сентябрь

Грузия давлати раҳбари Эдуард Шеварднадзе расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. Халқлар дўстлиги саройида Ўзбекистон ва Грузия давлатлари расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокаралари бўлиб ўтди. Музокаралар сўнгида икки мамлакат ўртасида ҳукуматлараро ва муассасалараро 20дан зиёд ҳужжат қабул қилинди.

Президентлар Ислом Каримов ва Эдуард Шеварднадзе сафар ниҳоясида йирик давлат арбоби Шароф Рашидов қабрини зиёрат қилиб, ёдгорлик пойига гуллар қўйдилар.

2001 йил 4 сентябрь

Президент Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Халқаро олимпия қўмитаси биринчи вице-президенти Виталий Смирновни қабул қилди. Миллий олимпия қўмиталари уюшмаси Ўзбекистоннинг спорт соҳасида эришаётган улкан муваффқиятларини эътиборга олиб, халқаро олимпия ҳаракатига қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун Президент Ислом Каримовни мазкур ташкилотнинг олий мукофоти — олтин нишони ва эсдалик пластинаси билан тақдирлади. Учрашувда В.Смирнов Миллий олимпия қўмиталари уюшмасининг олий мукофотини Ислом Каримовга тантанали равишда топширди.

1991 йил 5 сентябрь

Президент Ислом Каримовнинг фармонига асосан Тошкент шаҳридаги В.И. Ленин номидаги майдон Мустақиллик майдони деб қайта номланди.

2008 йил 5 сентябрь

Президент Ислом Каримов Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) саммитида иштирок этди. Дастлаб ОДКБ Коллектив хавфсизлик кенгашининг тор доирадаги сессияси бўлиб ўтди. Унда минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, бу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

1991 йил 6 сентябрь

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги тузилди.

2012 йил 6-7 сентябрь

Президент Ислом Каримов Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрига жўнаб кетди. Икки давлат раҳбарлари тор доирадаги ва кенгайтирилган таркибдаги музокараларда Ўзбекистон — Қозоғистон муносабатларини ривожлантиришнинг муҳим масалаларини, Марказий Осиё ва унинг атрофидаги вазият, шунингдек, томонларни қизиқтирган долзарб халқаро муаммоларни атрофлича муҳокама қилдилар.

Музокаралар якуни бўйича Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев қўшма баёнот имзоладилар. Шунингдек, шахсларни реадмиссия қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим ва бошқа қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

1993 йил 16 сентябрь

Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов ислом оламининг йирик вакили Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги тантаналари муносабати билан Бухоро вилоятида бўлди. Юртбошимиз Баҳоуддин Нақшбанднинг муқаддас қадамжосини зиёрат қилиб, буюк мутасаввуфнинг таваллуди муносабати билан ўтказилган анжуманда иштирок этди.

2010 йил 20 сентябрь

Президент Ислом Каримов БМТ Бош Котиби Пан Ги Муннинг таклифига биноан БМТ Бош Ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш мақсадлари бўйича олий даражадаги ялпи мажлисида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари мазкур саммитда нутқ сўзлади. Президент Ислом Каримов БМТ минбаридан сўзлаган нутқида Мингйиллик ривожланиш мақсадлари доирасида Ўзбекистон Республикасида амалга оширилган ишлар, мамлакатимизнинг БМТ билан ҳамкорлиги, Марказий Осиёда кечаётган жараёнлар, минтақавий хавфсизлик ва экология муаммолари, Афғонистон можаросига алоҳида тўхталди.

 1998 йил 23 сентябрь

Вазирлар Маҳкамасининг Раиси Ислом Каримов «Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли — Огаҳий таваллудининг 190 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.

1991 йил 24 сентябрь

Тошкентда ўзбеклар (туркистонликлар)нинг биринчи халқаро учрашуви бўлди. Учрашувда ҳозирда чет эл мамлакатларида, жумладан, Америка Қўшма Штатлари, Германия, Афғонистон, Саудия Арабистони, Сурия, Иордания, Туркия, Австралияда яшаётган ўзбек ватандошларимиз, қардош қўшни республикалардан келган меҳмонлар иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов учрашув қатнашчиларини самимий табриклаб нутқ сўзлади.

1992 йил 30 сентябрь

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Финляндия Республикасининг Президенти Мауно Койвисто бошчилигидаги давлат делегациясини кутиб олди.

Шу куни Президент Ислом Каримовнинг Финляндия Республикаси Президенти Мауно Койвисто билан яккама-якка учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Финляндия Республикаси ҳукумати ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳақидаги қатор битимлар имзоланди.

2003 йил 30 сентябрь

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсаройда Ислом тараққиёт банки президенти Аҳмад Муҳаммад Алини қабул қилди. Учрашувда мазкур банк билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, биргаликда янги лойиҳалар тузиш ва амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.