ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

СОҲИБҚИРОН АБАДИЯТИ


08.04.2026

Халқнинг пешонасида битган шундай сиймолар бўладики, уларнинг номи, аъмоли, тарихда тутган ўрни, шон-шавкати ва улуғлиги – бевосита ўша миллатнинг ғурури ва ўзлигига айланиб кетади. Халқ ҳам жаҳон аро шу буюк аждодлари сабаб қаддини ғоз тутиб юради, сўзини бермайди. Бизнинг миллатда эса шу каби буюк боболар оз эмас, бу – илм-фанда ҳам, ҳарб-у сиёсатда ҳам, ислом оламида ҳам дунё саҳнида мудом бўй кўрсатиб турибди.

Шундай улуғ аждодларимиздан бири шак-шубҳасиз, Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари бўлади. Буюк бобомизнинг оқсоч дунё тарихида тутган ўрни шу қадар беқиёски, биргина таъриф билан кифоялансак, кўҳна чархи дуннинг ўзи бу каби шукуҳли ўғлонни кўпам кўрган эмас. Башариятнинг келгуси тараққиёти учун юртпарварлик, инсонпарварлик сиёсатини олиб бориб, нумуна бўлган ҳукмдорлар шундоғам саноқли, номма-ном санашга бармоқлар ҳам ортиб қолмоғи мумкин. Уларнинг олд сафида эса, ҳеч шубҳасиз, Темур бобомизнинг жарангдор ва ҳайбатли номи туради.

Шу ўринда эса, Биринчи Президент Ислом Каримовнинг қуйидаги таърифи фикрларимизнинг кейинги тарзи учун калит вазифасини ўтайди: “Кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак”.

Қарийб 150 йиллик мустамлака кишанларидан озод бўлиб, дунё саҳнида Ўзбекистон деган давлат бўй кўрсатган даврнинг ибтидосиданоқ, бир вақтлар атайин “қонхўр”, “жаллод” дея сифатланиб келган Соҳибқироннинг шукуҳли ва улуғ номи – мустақиллик асосчиси томонидан яна ўз ўрнига қайтарилди. Шунчаки қайтгани йўқ, салобат билан қайтди, “миллий давлатчилигимизнинг буюк намоёндаси” деган ҳақли сифатлашлар билан қайтди. Ислом Каримов Амир Темурни мустақил Ўзбекистоннинг ғоявий асослари – кучли давлатчилик, адолат ва бунёдкорлик рамзи сифатида қайта тиклади.

Истиқлолнинг илк йилларидан, 1993 йилда Тошкентда, 1996 йили Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида буюк аждодимизга ҳайкаллар ўрнатилди, пойтахтда Темурийлар тарихи давлат музейи очилди, “Амир Темур” ордени таъсис этилди, “Темур тузуклари” қайта-қайта нашр этилди.

Мундоқ ўйлаб қаралса, эндигина мустақил бўлиб, атак-чечак қила бошлаган давлатда – иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳарбий жиҳатдан биринчи галда ҳал қилиниши керак муаммолар озмиди? Ислом Каримов шуларнинг ҳаммаси баробарида, Амир Темур ва бошқа улуғларимиз хотирасига қадр кўрсатганининг замирида битта нарса ётарди. Уям бўлса, халқнинг ғурурини тиклаш, ўзлигини англатиб, таг-тугининг тайини йўқ “манқурт”лардан эмаслигини яна бир бор исботлаб қўйиш. Бу катта гап.

Шу тарзда, миллий ўзликни англаш ва маънавий тикланишнинг асосий устуни сифатида кўриб келинган – Амир Темур шахсига тенгсиз ҳурмат анъанаси йиллар ўтса-да, янги Ўзбекистонда ҳам давом этиб келаётгани масаласи эса, алоҳида ғурурга сазовор. Битта мисол келтирамиз: агар 1996 йилда Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги ЮНЕСКО шафелигида, халқаро миқёсда кенг нишонланган бўлса, 2026 йил 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги мамлакат бўйлаб кенг нишонланади. Шунингдек, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиниб, таълим муассасалари, илмий марказлар ва маҳаллаларда учрашувлар, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар ўтказилади. Қарор доирасида 2030 йилгача мўлжалланган махсус “йўл харитаси” тасдиқланиб, унда Амир Темур ва темурийлар даври меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этишга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган.

Шундай қилиб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ибораси билан айтганда, “Соҳибқирон Амир Темур сиймоси миллий давлатчилигимиз тимсолига айланиб, ўзликни англаш, анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасида халқимизга улкан маънавий куч бағишлаб келмоқда” экан, буюк бобомиз даҳоси ва мероси яна асрлар бўйи фахру ғуруримиз тимсолига айланиб, абадиятга дахлдор бўлиб қолаверади.

Ф.Қурбонбоев фотосуратлари