Юртимизга яна Наврўзи олам ўз сепини ёймоқда. Баҳор ҳавосидан қалбларга тароват, илиқлик югурмоқда. Наврўз коинот ва табиат қонунлари, қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кеча ва кундузнинг тенглашуви, куннинг узая бориши, табиатда жонланишнинг бошланиши билан боғлиқ бўлган.
Асрлар қаъридан омон чиқиб келган байрам замирида халқимизнинг қадимий урф-одатлари, миллий анъаналари, қадриятлари мужассам бўлиб, улар қайта тикланиб, янгича тус олди.
Наврўз байрами кўҳна байрам саналади. Мутахассисларнинг фикрича, бу байрамнинг тарихи қарийб 4-4,5 минг йилга тенг.
Наврўз асосан баҳорий тенг кунлик 21-22 мартдан бошлаб нишонланган ва бир ҳафта, ўн кун, ҳатто, баъзи жойларда бир ойгача давом этган.
Тарихда Наврўзга муносабат доимо бир хил бўлиб келмаган. Турли даврларда Наврўз байрамига у ё бу даражада тазйиқлар бўлган. Собиқ Иттифоқ даврида Наврўзни байрам сифатида расман нишонлаш тақиқлаб қўйилган. Наврўз байрамига қарши ҳаракатлар миллий маданиятларни қоралаш ва чеклашга қаратилган тадбирларнинг бири эди.
1986 йилда Ислом динига алоқаси бўлмаган байрамга “диний” тамға босилиб, бу айём халқ байрами сифатида буткул бекор қилинган.
1985-1986 йилларда республика оммавий ахборот воситалари ҳам бу байрамни ўз саҳифаларида ёритмаган. Наврўз байрамини тақиқлаш ҳақида республикада аниқ бир қарор қабул қилинмаган бўлсада, лекин раҳбарият томонидан турли расмий йиғинларда бу байрам ва унинг “зарарли” томонлари ҳақида маърузалар қилиниб, янги маданиятни шакллантиришда асосий тўсиқ дея таърифлаб келинган.
Ислом Каримов ташаббуси ва жасорати билан ҳали мустабид тузум ҳукмрон бўлиб турган даврда Наврўз байрами қайта тикланди.
Президентимизнинг 1990 йил 3 майдаги Фармонига мувофиқ Наврўз умумхалқ байрами, 21 март дам олиш куни деб эълон қилинди.
1991 йил 12 февраль куни эса, Республикада Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ҳақида ЎзССР Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Фармони эълон қилинди.
Йиллар ўтиб, Наврўз байрамининг мақоми ва нуфузи халқаро даражада юксалиб, бу айём умумжаҳон байрамлари қаторидан ўрин эгаллашини тасаввур қилиш мумкинмиди? Ислом Каримов Наврўзнинг маънавий аҳамиятини, тарбиявий ролини унинг фалсафасини чуқур англагани боис ҳам бу масалага жиддий қараган.
2009 йилнинг 30 сентябрь куни Наврўз ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган эди.
2010 йилнинг 19 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессияси 21 мартни “Халқаро Наврўз куни” сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарорни бир овоздан қабул қилди. Қабул қилинган резолюцияда мазкур байрам маданиятлароро мулоқот ва ўзаро тушунишни рағбатлантириши таъкидланади. Шу тариқа Наврўз бирор бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида нишонланмоқда.
«Янгиланиш ва эзгулик тимсоли бўлган Наврўз фалсафаси халқимизга мансуб одамийлик, меҳр-оқибат, мурувват ва ҳикмат каби юксак хусусиятлардан озиқланиб келгани, аждодларимиз асрлар давомида қандай буюк умуминсоний ғоялардан баҳраманд бўлиб, маънавий камол топганининг яна бир тасдиғидир, десак ҳеч қандай хато бўлмайди», деган эди Ислом Каримов.
Мамлакатимиз Биринчи Президентининг «2014 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорида таъкидлаб ўтилганидек, «Халқимиз учун шарқона янги йилнинг бошланиши, энг қадимий, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўз айёмини марказда ва жойларда ҳар томонлама пухта тайёргарлик билан кутиб олиш ва нишонлаш мамлакатимизда эзгу анъанага айланиб қолди».
Наврўз – халқимизнинг яратувчанлик меҳнати билан боғлиқ, орзу-умидларини куйлаган, унинг турмуш тарзи, маънавияти, миллий руҳини халқ ижоди усули ва услублари ёрдамида тараннум этган, халқимизинг бой миллий санъатини, урф-одатларини ўзида сақлаган байрамдир. Наврўз – қут-барака, ризқ-рўз, расм-русумлар, урф-одат ва анъаналар байрамидир. Наврўздан бебаҳра қоладиган кўнгил кўнгил эмас. Наврўз байрами мамлакатимиз халқини умуминсонийлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, иймон-эътиқод, тинчликсеварлик, меҳр-шафқатлилик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этадиган маънавий бойлигимиз ва буюк хазинамиздир.
Соғинганимиз, хуш кўрдик Наврўз!