ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

САФДОШЛАР ЁДГА ОЛИНДИ


12.08.2024

Одам хотира билан тирик. Айни туйғу бор экан, у инсон зотини – келиб чиққан илдизлари, бир умр топинган маъволари, аждодлари сув ичган дарёлар ёдига ошно айлайди. Бошқа томондан, шу туйғу сабаб, ўшал ёднома-ю насабномалар келгуси зурриёдларга ҳам етиб боради.

Биринчи Президент Ислом Каримовга узоқ йиллар давомида сафдош бўлган, бош вазир, бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган инсон – Ўткир Тўхтамуродович Султонов бўлиб, яқинда марҳум давлат ва жамоат арбобининг 85 йиллик юбилейи нишонланган эди.

Шу кунларда Ў.Султоновнинг умр йўлдоши ва қизи – Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига келиб, отаси ҳамда Биринчи Президентнинг бирга фаолият юритган йилларини хотирлашди.

Меҳмонлар Мажмуа Васийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳамда мажмуа раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов билан учрашиб, суҳбат қуришди. Самимий руҳда ўтган мулоқот чоғида – ёш давлат пойдевори қўйилган – мустақилликнинг илк йиллари, мушкулотлар, айни кезда қувончу фараҳга тўла суронли йиллар ҳақида эсланди. Биргаликда ёдга оладиган, хотирланадиган воқеалар ростдан ҳам мўл эди. Фото ва видеоматериаллар эса ўша хотиротларни унутилмас лаҳзалар ёди билан тўлдирди.

Хотира тўғрисида гап бораркан, “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” номли китоб-албоми ҳам ана шу улуғвор мақсад йўлида чоп этилган бўлиб, ундан – давлат, сиёсат ва жамоат арбоблари, фан, маданият ҳамда санъат намояндалари, турфа касб-кор ва ёшдаги оддий юртдошларимиз, шунингдек, Биринчи Президент билан узоқ йиллар бирга ишлаган инсонлар хотиралари ўрин олган. Татьяна Акбаровна меҳмонларга – учрашувдан эсдалик сифатида – ана шу ноёб нашрни туҳфа қилди.

 

Ф.Қурбонбоев олган фотосуратлар