Давлат рамзлари ҳар бир xалқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади.
Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йили, Биринчи Президент Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 1991 йилнинг 18 ноябрида "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда таъкидланганидек, миллий байроғимиз давлат суверенитети рамзларидан биридир.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидаги рамзлар, қадимда мамлакат сарҳадларида жойлашган қудратли юртларнинг анъаналарини, республиканинг ўзига хос табиатини, халкнинг миллий ва маданий қадриятларини ўзида мужассам этган.
Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мазкур масаланинг аҳамиятини чуқур англаган холда, мустақил давлат байроғининг эскизи муҳокамаларида бевосита иштирок этиб, ўз таклиф-мулоҳазаларини билдириб борган. Давлат рамзининг хар бир жиҳати унинг эътиборидан четда қолмаган. Байроқда ифода этилган белгилар, рангларнинг маъно-мазмуни ниҳоятда пухта ўйлаб чиқилган.
Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу — яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди.
Оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, поклик, беғуборлик, софлик, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.
Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи.
Қизил чизиқлар эса томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони — ҳаётий қудрат, барқарорлик ва бардавомлик нишонасидир.
Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ бўлиб, у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи саналади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Ўн икки юлдузга бўлган эътибор Ватанимиз сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида “Нужум илми” тараққий этганлиги билан изоҳланади.
Давлат байроғи ҳамюртларимизнинг қалбида ватанпарварлик туйғусини кучайтиришга, давлатимизнинг халкаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат килади.
Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси, Олий Мажлис ва ҳукумат бинолари, вазирлик ва идоралар, махаллий бошқарув органлари, республиканинг хориждаги дипломатик ва савдо ваколатхоналари биноларининг пештоқида ҳилпираб турибти.
1992 йилнинг баҳорида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кароргоҳи қошидаги юзлаб хорижий давлатларнинг байроқлари қаторидан Мустақил Ўзбекистоннинг байроғи ўрин эгаллагани қалбларимиздаги фахр-ифтихор туйғуларини янада жўш урдирди.
Ўзбекистон Республикаси делегацияларининг хорижга расмий ва амалий ташрифлари, улар иштирокидаги байрам тантаналари ва халкаро даражадаги тадбирлар чоғида, спорт мусобақалари давомида Давлат байроғи ўрнатилиб, дунёга ва биринчи галда ўзимизга биз кимнинг авлоди эканлигимизни ҳамиша эслатиб туради. “Ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч кимдан кам бўлмайдиган” халқ эканлигимизни.
Тарихий қадриятларни ўзида мужассам этган, утмиш, бугунги кун ва келажакнинг тимсоли бўлган Давлат байроғига нисбатан чуқур ҳурмат хар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Зеро Ислом Каримов таъкидлаганидек, давлат рамзлари миллий ғурурни уйғотишга ва мустаҳкамлашга, ёш авлоднинг баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилувчи муҳим омилдир.
Ф.Курбанбаев суратлари