ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди


02.09.2018

Президент Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гул қўйди. Унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

Бу Шавкат Мирзиёевнинг ўз устози, мустақиллигимиз асосчиси бўлган Ислом Каримовга юксак ҳурматининг яна бир ифодаси бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2 сентябрь Хотира куни этиб белгиланган. Бу куни Ислом Каримовнинг ҳаёти ва серқирра фаолиятини ёд этиш яхши анъанага айланган.

Гул қўйиш маросимида парламент ва ҳукумат аъзолари, фан ва маданият намояндалари, ёшлар, кенг жамоатчилик иштирок этди. 

Биринчи Президентимизнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилди.