ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

САМИМИЙ УЧРАШУВ, САМАРАЛИ МУЛОҚОТ...


21.11.2024

Биринчи Президент раҳбарлигида халқимизнинг мустақилликка эришиши, ёш давлатнинг халқаро майдонда ўрин эгаллаши ва нуфузини юксалтиришига оид тарихий воқеалар Ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрувчиларда ҳамиша катта қизиқиш уйғотиб келган ва келмоқда. Бу эса, ўз навбатида тинч ва барқарор давлат пойдеворининг асосчиси Ислом Каримов шахсига, феноменига, хотирасига нисбатан ҳурмат ва эътирофнинг ортиб бораётганида муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани ўз-ўзидан аёндир.   

Шу кунларда Ислом Каримов номидаги Ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрган Туркиялик бир гуруҳ жамоат ташкилотлари вакиллари ва олимлар билан учрашув вақтида юқоридаги фикримиз яна бир бор ўз тасдиғини топди. Халқимизнинг келажагини белгилашда муҳим саналган тарихий воқеалар меҳмонларни бефарқ қолдирмади. Айниқса, ўша йиллардаги жараёнларнинг бевосита гувоҳи – Биринчи Президентнинг рафиқаси, мажмуа Васийлик Кенгашининг аъзоси Татьяна Каримованинг ноёб хотираларини улар ўзгача ҳаяжон билан қабул қилдилар. Мажмуа раҳбари тарих фанлари доктори, профессор Темур Шириновнинг Ўзбекистон давлатчилиги тарихининг яратилишига оид сермазмун фикрлари ҳам туркиялик олимларда катта қизиқиш уйғотди.

Сермазмун суҳбатдан олинган таассуротлар, Биринчи Президент ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фильм, ҳамда юртимиз тарихи тўлиқ қамраб олинган анимацион фильм намойиши билан янада бойитилди.

Мажмуа ҳудудида жойлашган, аввалари “Қабуллар уйи” номи билан аталган тарихий бинода мамлакатимизнинг халқаро сиёсий майдондаги илк қадамларига оид тафсилотлар билан танишув давом эттирилди. Бу ерда Ислом Каримов хорижий давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилган, чет эллик нуфузли меҳмонлар билан учрашув ва музокаралар ўтказган.

Бугунги кунда мазкур бинода 50 минг нусҳадан иборат ноёб нашрлар жамланган Ислом Каримов номидаги кутубхона фаолият юритмоқда.

Меҳмонлар самимий қабул учун Татьяна Акбаровнага, мажмуа раҳбари Темур Шириновга, учрашув қатнашчиларига чуқур миннатдорлик билдириб, жасорат ва садоқат тимсоли, давримизнинг буюк сиёсатчиси Ислом Каримовнинг тақдири улар учун ибратга лойиқ катта мактаб эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Бўлиб ўтган мулоқот, давлатлараро муносабатларнинг ривожланишида халқ дипломатиясининг ўрни нақадар муҳимлигини яна бир бор тасдиқлади.

Т.Қурбонбоев олган фотосуратлар