ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Самарқандда Ислом Каримов ўқишлари ўтказилди


30.04.2019

29-30 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Ислом Каримов ўқишлари: Ислом Каримов – давлат мустақиллигининг асосчиси” мавзуидаги республика илмий анжумани ўтказилди.

Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, буюк давлат ва жамоат арбобининг мустақил Ўзбекистон давлатчилигини ривожлантиришдаги хизматларини эътироф этди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов номидаги республика хайрия жамоат фонди томонидан ҳар йили “Ислом Каримов ўқишлари”ни ўтказиш анъанага айланган, – дейди Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов. –  Бу саъй-ҳаракатлар Президентимиз ташаббуси билан Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш йўлида қилинаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон Мустақиллигининг асосчиси, буюк давлат арбобининг ҳаёти ва серқирра фаолияти бўйича тарғибот ишларини янада кенгайтириш, унинг маънавий меросини чуқур ўрганиш бўйича илмий изланишларнинг натижалари билан жамоатчиликни яқиндан таништиришга хизмат қилмоқда. Бу галги ўқиш Ислом Каримовнинг давлатимиз мустақиллиги асосчиси сифатида амалга оширган ишлари, мустақилликни мустаҳкамлаш йўлида олиб борилган ислоҳотларига бағишланган.

Конференциянинг ялпи ва шўъба йиғилишларда Ислом Каримовнинг фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришдаги ўрни, XX асрнинг 80-йилларида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги роли, тарихий ва меъморий меросни сақлаб қолишдаги хизматлари, мустақиллик арафасида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масалалари каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Конференциянинг якуний мажлисида қабул қилинган тавсияларга кўра, анжуман кун тартибига киритилган энг яхши мақолалар мунтазам равишда Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси бюллетенида нашр этиб борилади.

Конференцияда Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

 

 

 

 

 

 

Фарход Курбонбоев олган суратлар