Бугун таниқли ёзувчи Хайриддин Султонов таваллудига 70 йил тўлди. Х.Султонов 1956 йил 19 январь куни Тошкент вилояти Қибрай туманида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист. 1978 йилда ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1974 йилда “Гулистон” журналида бошлаган. Кейинчалик “Ёшлик” журналида, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида ишлаган. 1993 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ишга ўтиб, ахборот-таҳлилий хизмати бошлиғи, Давлат маслаҳатчиси вазифаларида меҳнат қилган. Ҳозирги кунда Президент маслаҳатчиси – спичрайтер лавозимида фаолият юритмоқда.
![]() |
![]() |
Ёзувчининг илк китоби – “Қуёш барчага баробар” ҳикоялар тўплами 1980 йилда чоп этилган.
Шундан сўнг “Бир кеча эртаги”, “Онамнинг юрти”, “Умр эса ўтмоқда”, “Бобурнинг тушлари”, “Йўқчилик ва тўқчилик”, “Саодат соҳили”, “Бобурийнома”, “Уч юз олтмиш тўрт кун”, “Кўнгил озодадур”, “Одамлардан тинглаб ҳикоя”, “Ишонч телефони”, “Навоий–30” каби китоблари чоп этилган.
“Чангак”, “Мозийдан бир саҳифа”, “Меҳробдан чаён”, “Тушларимда кўриб йиғлайман”, “Ёлғиз ёдгорим”, “Улуғ Амир ва Донна Мария” сингари бадиий фильмлар сценарийлари муаллифи.
2025 йилда адибнинг “Ўткан кунлар” романига илова тарзида ёзилган “Ялдо кечаси” тарихий ҳужжатлар асосидаги бадиий романи чоп этилди ва жамоатчилик томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, илиқ кутиб олинди.
Дарвоқе, бугун Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан ёзувчи “Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси” фахрий унвони билан мукофотланди.
Халқимизнинг ардоқли ёзувчисини 70 йиллик таваллуд тўйи билан Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси номидан самимий табриклаймиз!

