21 ноябрь куни давлат ва жамият равнақи йўлида фидокорлик кўрсатиб меҳнат қилган ҳамюртимиз, 85 ёшни қоралаганига қарамасдан ҳозирда Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасида фаолият юритаётган Георгий Алексеевич Крайновни ҳамкасблари таваллуд айёми билан қутладилар.
Георгий Крайнов чорак аср давомида Биринчи Президентимизнинг қабулхонаси раҳбари бўлиб ишлаган.
«Оқсарой» қароргоҳида дам олиш нималигини, меҳнат таътили нималигини билмасдан Биринчи Президентнинг масъулиятли ва мураккаб топшириқларини виждонан, сидқидилдан бажариб келган бу инсон айни пайтда Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштиришдек муҳим бир вазифани амалга оширишда ўз ҳамкасбларига ҳар жиҳатдан ўрнак бўлиб келмоқда.
Георгий Алексеевични кўпчилик ўз ишининг профессионали, тажрибали мутахассис сифатида тан олади. У дунёқараши кенг, чуқур билим ва кўп йиллик тажрибага эга ҳақиқий ватанпарвар, инсонпарвар ва ниҳоятда камтарин инсон сифатида ҳамкасблари ва яқинлари ўртасида катта обрў қозонган.
Ёдгорлик мажмуаси жамоаси Георгий Алексееичга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, келгусидаги ишларида муваффақиятлар тилайди. Оилангиз тинч, хонадонингиз фаровон бўлсин.
Ҳар бир меҳнат кунингиз мазмунли ва қувончли ўтишига тилакдошмиз. Ёш авлодга тажриба ва билим улашишда ҳорманг деймиз.
Биз билан бир сафда турганингиздан фахрланамиз!