Халқимизга хос меҳр-оқибат, инсонпарварлик, шукроналик, саховат ва бағрикенглик каби эзгу фазилатлар тимсоли ҳисобланган Рамазон, Қурбон ҳайитлари 34 йил олдин, 1991 йил 11 апрелда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан имзоланган Фармонга асосан, халқнинг ўзига рамзий маънода қайтариб берилган эди. Ҳайитларнинг биринчи кунлари эса дам олиш куни деб эълон қилинди. Шу маънода бугун бу байрамларни “тикланган қадрият айёми” дейишимиз мумкин. Ислом Каримовнинг ўз ибораси билан айтганда, “Инсон эътиқодсиз, иймонсиз яшай олмайди. Чунки комил ва собит эътиқод жамият маънавий қиёфасини белгилайди. Бу борада Ислом дини катта аҳамиятга эга”.
Шу билан бирга, Бош қомусимизда фуқаролар миллати, ирқи ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқли эканлиги белгиланган. Уларнинг виждон эркинлиги, урф-одатлари, миллий анъаналари ҳурмат қилиниши қонунан кафолатланган. Диний эркинлик сиёсати ўлароқ бугун юртимизда яшаб келаётган 130 дан ортиқ миллат вакиллари учун 16 та диний конфессияга мансуб 2 мингдан зиёд диний ташкилотлар фаолият юритмоқда.
Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасидаги “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасида очилган янги фотоэкспозиция – Биринчи Президент фаолияти даврида юртимизда эътиқод эркинлиги, қолаверса, миллий ва диний қадриятларимиз тикланиши йўлида амалга оширилган ишларга бағишланди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Шу кунларда нишонлайдиганимиз – муқаддас байрам моҳиятида мужассам бўлган тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик, инсонпарварлик ғоялари бугунги Янги Ўзбекистоннинг мақсад ва вазифаларига ҳам уйғун ва ҳамоҳангдир. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Юртимиздаги ҳар бир маҳалла, шаҳар ва қишлоқдаги тинчлик ва ободлик, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда Қурбон ҳайити сингари азалий байрам ва қадриятларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда”.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Қурбон ҳайити билан самимий қутлаб, илоҳим, барча пок, эзгу ниятларимиз амалга ошсин, деймиз!
Ф.Қурбонбоев ва Т.Қурбонбоев фотосуратлари