Одатда улуғ инсонлар, тарих равишини бир ўзандан бошқасига буриб юбориш зиммасига тушган шахслар, инчунун, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов шахси ҳақида сўз кетганда, “Улуғ инсон хотираси – қалбимизда”, “Ёди ҳамиша ёдда” деган каломларни кўп ишлатамиз. Аммо бир томони борки, хотира дегани ўз-ўзидан жонланмайди, шахслар тусмоллар ва оғиздан-оғизга кўчиб юргувчи ривоятлар билан абадиятга муҳрланмайди. У моддийлашиши, аниқ тарихий фактлар, ашёлар билан далилланиши керак.
Ва яна, хотирловчи, ёдга олувчида мойиллигу истакдан ташқари, бунинг учун шарт-шароит ҳам бўлиши лозим. Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси – ана шундай, Биринчи Президент шахси тўғрисидаги барча маълумотларни ўзида жам қилган маскандир. Бу ерга келган меҳмонлар – Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси ва меъморининг шону шавкатга тўлиқ, айни пайтда оддийлик қоришиқ буюклигидан дарак бергувчи ҳаётидан воқиф бўлиб, ҳайратларга ошно бўлишади.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Мажмуанинг бу галги меҳмонлари қонун посбонлари, яъни ички ишлар ходимлари бўлишди. Гап шундаки, Ички ишлар вазирлигининг таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмаларида жорий йил 1 апрелдан 30 апрелга қадар “Халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини сақлаш – энг устувор вазифамиз!” шиори остида “Маънавият ойлиги” ўтказилаётган экан. Ойлик давомида ҳар бир ҳудуд учун тасдиқланган “Маънавият маршрути” лойиҳаси бўйича ички ишлар органлари ходимларининг маданият объектлари, музей ва зиёратгоҳларга боришлари кўзда тутилган.
Шу боис, жорий йилнинг 17 апрель куни Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий мемориал мажмуасига вазирлик марказий аппарати ходимларининг ташрифи ташкил этилди. Меҳмонлар мажмуа таркибидаги кутубхона, шунингдек, “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасида бўлишди. Хабар муқаддимасида парча келтирганимиз суҳбат – айни кутубхонада кечган мулоқотнинг бир қисми. Кутубхона анжуманлар залида меҳмонларга Ислом Каримов тўғрисида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Кўргазмада эса меҳмонлар Биринчи Президент фаолиятига оид турли санъат асарлари – картиналар, портретлар, фотосуратлар ва ҳайкалтарошлик намуналари билан танишишди.
Меҳмонлардан бирининг эътироф этишича, Ички ишлар вазирлиги – мажмуа билан бир кўчада, бир-бирига жуда яқин жойлашгани боис, хизматчилар ҳар куни ишга ўтган-қайтган чоғда мажмуа ва ундаги Ислом Каримов ҳайкалига боқиб ўтишган. Аммо ҳозиргидек яқиндан танишиш имкони бўлмаган экан. Кечаги ташриф эса бунинг учун зўр муддао бўлибди. Шу танишувнинг ўзидаёқ меҳмонлар Ватанимизнинг энг янги тарихи, Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги олам-олам таасуротларга ошно бўлишди.
Зеро, Биринчи Президент, Қуролли Кучларнинг Биринчи Олий Бош қўмондонининг ҳаёти – йиллар оша ҳали кўп ҳайратларга сабаб бўлаверади.
Ф.Қурбонбоев олган фотолар