Меъморий обида дегани шунчаки бир бино эмас, у – санъат маҳсули. Башарти ўша маҳсул деганимиз тарихийликка, миллатнинг яқин ёхуд йироқлигидан қатъий назар – ўтмишига, тақдирига, унинг етакчисига дахлдор бўлса, ҳар қандай одамда ҳам айрича бир қизиқишни уйғотиши табиий.
Маълумки, Биринчи Президент Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 апрелдаги қарорига мувофиқ йўлга қўйилган. Мазкур сиёсий қарорнинг ўзига хослиги, дунёнинг бирор мамлакатида ўхшаши йўқлиги шундаки, мажмуа учун мустақил давлатимиз асосчиси узоқ йиллар меҳнат қилган Оқсарой қароргоҳи ҳудуди танланган.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Таъкидлаш ўринлики, бир неча бино ва унга туташ ҳудудни ўз ичига олган ёдгорлик мажмуасининг ўзи – маҳобатли бўлиш баробарида, жуда камтарона, ҳатто шинам дейишимиз мумкин. Бундаги ҳеч бир жойда ортиқча ҳашамни илғамайсиз, ўз даврида барча эътибор ишни самарали йўлга қўйишга қаратилган.
Агар мажмуани рамзий маънода моҳирона тизилган маржонга қиёсласангиз, 1996 йилда фойдаланишга топширилган “Қишки қароргоҳ” – ўша маржоннинг ажралмас бир бўлаги. Ўзингиздан қолар гап йўқ, инсон зоти бажарадиган ҳар қандай юмушнинг ҳам ўзига хос мураккаблиги, масъулияти, оғирлиги бор. Ана энди, юрт тақдирини бевосита ўз елкасига олган, унинг қайғусини ўзининг кундалик юмуши ҳисоблайдиган – Президентникини тасаввур қилаверинг: кун ва тун қоришиб кетади, тўғрими? Бугун бу иборани янгича қилиб, “24 га 7 режими” деймиз. Ҳозир тавсифлаётганимиз – бу бинода эса бунинг учун барча зарур шароит яратиғлиқ бўлган.
Бино лойиҳаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган архитектор Рэм Адиловга тегишли, лойиҳага эса бевосита академик Азамат Тўхтаев раҳбарлик қилган. Икки қаватли бино ўзида барча мумтоз анъаналарни мужассам этган, булар – қулайлик, маҳобат, фундаментализм. Бевосита хорижлик мутахассислар иштирокида ясалган аркали деразалар, ички ҳовлининг фусункор манзараси ҳамда ўзаро уйғунлашиб кетган Шарқ ва Европа архитектурасининг бошқа элементлари – бино умумий концепциясига моҳирона сингдириб юборилган.
Қароргоҳнинг чап қанотида бир пайтлар спорт зали ва бассейн жойлашган эди. Ёдгорлик мажмуаси барпо этилиши жараёнида улар реконструкция қилиниб, “Бутун оламни жо қилган юрак” доимий кўргазмаси учун ажратилди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Бинонинг марказий қисмида анжуманлар зали, қабуллар хонаси ва бошқа иншоотлар бор. Бу ердаги ҳамма нарса Биринчи Президент фаолият юритган даврида қандай бўлган бўлса, ўшандоқ кўринишда сақлаб қолинган. Бунда ажиб муҳит ҳукмрон: мебель, дизайн, у ўтирган курси, у ишлаган стол, бир пайтлар қувнаб ва ё дарғазаб бўлиб гаплашган телефон аппарати... Ҳаммаси қадрли, ҳар бир буюм Ислом Каримовни ёдга солиб туради.
Бино теграсидаги ландшафт дизайни ғояси бевосита Ислом Каримовнинг ўзига тегишли. Кўплаб ноёб дарахтлар, буталар ва экзотик ўсимликларнинг турфа ва антиқа турлари хориждан келтирилган, баъзилари эса совға сифатида берилган. Мажмуа ҳудудини баайни набодот дунёсидаги – жўғрофий турфаликдан иборат ноёб боғга менгзаш мумкин: оқ қайинлару улуғвор қарағайлар, улар ёнида ўсган нозик акациялар, магнолиялар, сакуралар, хитой атиргуллари... Дунёнинг энг анвойи чаманзоридан бири.
Ислом Каримовнинг ўзи эса, рафиқаси Татяна Акбаровнанинг гувоҳлик беришича, табиатни, борлиқни шунчаки севиб қўя қолмаган, балки йилнинг исталган фаслида – унинг бошқа фаслларидаги кўринишини, манзарасини, ўшал манзаралар билан боғлиқ хотиралари билан бирга соғинган, уларга талпиниб яшаган. Табиатнинг абадий уйғунлигини қадрлаган инсон эса – гўзалликка ошно қалб соҳиби, деган таърифга ҳар жиҳатдан муносиб...
Т.Қурбонбоев фотосуратлари