ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотира кечаси


31.01.2020

2020 йил 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Биринчи Президент Ислом Каримовнинг хотира кечаси бўлиб ўтди.

Хотира кечасини Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқалари Т.А.Каримова кириш сўзи билан очди. У мамлакатимизнинг биринчи раҳбари Ислом Каримов билан бирга босиб ўтган ҳаёт йўллари ҳақида гапирди. Айниқса, Ислом Каримовнинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги ролини ифодаловчи Ўзбекистон янги тарихининг муҳим воқеалари ва даврларига тўхталар экан, Т.А.Каримова ўз нутқида шундай деди: "Ўта оғир даврда давлат бошқарувига келган Ислом Абдуғаниевич юртимизнинг айрим вилоятларида юзага келган миллатлараро қарама-қаршиликларни ҳал этиш учун қатъий ва айни пайтда пухта чоралар кўришга киришди. У тинчлик ва барқарорлик ҳар қандай давлатнинг, айниқса, ёш давлатни ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий-гуманитар ривожлантиришнинг асосий шартларидан бири эканини жуда яхши биларди. Ўзининг давлатчиликдаги қатъияти ва пухта ўйланган режалари ва фаол ҳаракатлари туфайли у республикада салбий тенденцияларнинг иқтисодий зарарини минималлаштиришга муваффақ бўлди”.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари, профессор Т.Ш.Ширинов ўз сўзида мазкур тадбирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги 2017 йил 25 январдаги қарорига кўра, Ислом Каримовнинг хотира ҳафталиги доирасида ўтказилаётганини таъкидлаб, жумладан шундай деди: “Ислом Каримов миллий давлатчилигимизнинг тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ давлат арбобидир. Давлат биносини барпо этиш ва уни адолат билан бошқариш осон иш эмас. Зеро, Ўзбекистон давлатининг Биринчи Президенти зиммасига жуда оғир миссия юкланган эдики, ул зот мана шу миссияни ортиғи билан бажарди. Чунончи, у энг мураккаб бир пайтда Ўзбекистон халқи учун янги давлатни барпо этишдек тарихий қарор қабул қилди ҳамда миллий тикланишнинг ўтиш давридаги масъулиятни ва машаққатини зиммасига олди. Шунинг учун ул зот миллий давлатчилик тарихида буюк давлат ва сиёсат арбоби, давлатимиз мустақиллиги асосчиси ва истиқлолимиз меъмори сифатида халқимиз хотирасида абадий қолади”.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Р.А.Маҳмудова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари раиси Е.М.Борисова иштирок этди.

Хотира кечасида республикамиздаги таниқли жамоат ва маданият арбоблари, етук олимлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчи ҳамда талабалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва бошқалар иштирок этишди.