ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ХОТИРАСИ ҲАМОН ҚАЛБЛАРДА


13.02.2026

Бирор инсон ёхуд ҳодиса ҳақидаги хотиралар одатда фикрлар ва суҳбатлар аро намоён бўлмоғи тайин. Аммо хотиранинг ўзи, айниқса, гап фавқулодда улуғ шахс ҳақида кетаётган бўлса, у юракнинг туб-тубида, қалбларда яшайди.

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси архиви – Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти билан шахсан мулоқотда бўлган, қўл остида фаолият юритган инсонларнинг хотиралари билан мунтазам бойитиб борилади. Уларнинг аксарият кўпчилиги бу ишни ўзлари, дил амри билан қилаётганлари эса алоҳида таҳсинга сазовор.

Мажмуанинг бу галги меҳмони – Анвар Камолович Эркахўжаев бўлди. Ўзининг айтишича, бу ерга уни – мустақил давлат ташкил топиши билан боғлиқ, ўзи гувоҳ бўлган хотиралар, шунингдек, ўша суронли, энг оғир йилларда даҳо инсон, етакчининг тутган ўрни ҳақидаги эсдаликлар билан баҳам кўриш истаги бошлаб келган.

“Мен ўзимни омадли одам деб ҳисоблайман. Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб Президент девони котибиятида 10 йилдан ортиқ ҳуқуқшунос бўлиб ишлаш насиб этди. Каминани шахсан Ислом Абдуғаниевичнинг ўзи суҳбатлашиб, ишга қабул қилган. Кейинчалик фаолият юритган даргоҳим – Олий Мажлисга ҳам бевосита унинг тавсияси билан борганман. Дастлаб кўришганда, мени давлат раҳбарининг оддийлиги, самимийлиги ва инсонийлиги ўзига ром қилган бўлса, сўнгроқ унинг ақл бовар қилмайдиган даражадаги ишчанлиги ва ғайрати ҳайратга солган”, – дея хотирлайди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Анвар Эркахўжаев.

Мажмуа Ҳомийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президент рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова билан учрашув ва суҳбатлашиш имконияти меҳмон учун алоҳида воқелик бўлди. Зеро, бу учрашув бир авлодга мансуб инсонлар ўртасидаги ўзига хос мулоқот бўлиб, ўша йиллар хроникасига муштарак  нуқтадан туриб назар ташлаш имконини берди.

Суҳбатда тилга олинганидек, биринчиларга ҳеч вақт осон бўлган эмас. Ислом Каримовнинг толеига эса, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ўлароқ, мураккаб ва шарафли вазифа – Иттифоқ парчалангандан сўнг қолган Республикадан том маънода давлат тузиш  битган экан.

“У ҳеч қандай “шок терапияси”сиз, барча синовларга бардош берадиган давлатни қуришга, унинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини яратишга муваффақ бўлди. Биринчи Президент хотирасини абадийлаштириш ва Оқсарой қароргоҳини ёдгорлик мажмуаси таркибига ўтказиш тўғрисидаги оқилона қарори учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан чексиз миннатдорман. Айнан Ислом Каримов узоқ йиллар фаолият юритган бинода унинг номида музей ташкил этилиши мисли кўрилмаган ҳодиса, унинг бошқа ҳеч қаерда муқобили йўқ”, - дейди Анвар Эркахўжаев.

Татьяна Акбаровна учрашувдан хотира сифатида меҳмонга – Биринчи Президент фаолиятидаги энг муҳим воқеалар акс этган фотосуратлар жамланган китоб-альбомни совға қилди.

Т.Қурбонбоев фотосуратлари