ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

БУЮК ИНСОН ХОТИРАСИ


27.10.2025

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси билан танишувга келган навбатдаги меҳмонлар – Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази тингловчилари бўлди. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, мазкур марказнинг фаолият йўналиши – бутун Республика бўйлаб ахборот-коммуникация технологиялари ва унинг дастурий таъминоти, ахборот хавфсизлиги, компьютер графикаси ва дизайн, телекоммуникациялар, компьютер технологиялари ва инжиниринги каби соҳаларда таълим бераётган ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашдан иборат.

Меҳмонлар дастлаб мажмуадаги “Бутун оламни жо қилган юрак” номли кўргазмалар залида Биринчи Президентимизнинг ҳаёти ва фаолиятига оид турли санъат асарлари – картиналар, портретлар, фотолар ва ҳайкалтарошлик намуналари билан танишиб, мустақил давлатимиз асосчисининг истиқлол йўлидаги заҳматлари ҳақида янада чуқурроқ билимга эга бўлишди.

Шундан сўнг Ислом Каримов номидаги кутубхона бўйлаб танишувда Биринчи Президентнинг шахсий кутубхонасидан келтирилган, жаҳон миқёсидаги тарихий шахслар дастхатлари битилган ноёб асарлар, кутубхона фонди 50 мингдан ортиқ  китоб ва 30 мингдан ортиқ журналлардан ташкил топган, тўлиқ матнли электрон китоблар сони эса 3 мингдан ошган зиё маскани ҳам меҳмонларда катта таасурот қолдирди. Уларга Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Умрини миллат озодлиги йўлига тиккан йўлбошчини – эл-улус ҳеч вақт унутмайди.

Ф.Қурбонбоев фотосуратлари